Спортчиларнинг давоматини рақамли назорат қилиш масаласи муҳокама қилинди
Спорт вазирлигида 2025–2026 йиллар давомида “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида ажратилган маблағлар ҳамда 2027–2029 йилларга мўлжалланган режалар кўриб чиқилди.
Давлат бюджети дастурларини шакллантириш, мониторинг қилиш ва уларнинг ижросини мувофиқлаштиришга бағишланган йиғилишда спорт мактабларида ўқув-машғулот жараёнларида спортчилар ва тренерлар давоматини Face ID ҳамда геолокация орқали назорат қилишга қаратилган рақамли тизимнинг ишлаш жараёни таҳлил қилинди.

Мазкур тизим орқали машғулотларнинг белгиланган жой ва вақтда ўтказилишини назорат қилиш, спортчилар ва тренерларнинг реал иштирокини рақамли қайд этиш, давомат бўйича маълумотларни автоматик шакллантириш ҳамда мониторинг жараёнларини такомиллаштириш кўзда тутилганлиги қайд этилди.
Тақдимотлар якунида спорт вазири Адҳам Икромов “Ташаббусли бюджет” дастурини ва келгуси йилларга мўлжалланган режаларни янада такомиллаштириш, спорт мактабларидаги ўқув-машғулот жараёнлари давоматини назорат қилишнинг рақамли механизмларини амалиётга жорий этиш ҳамда бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли таклиф ва топшириқлар берилди.
Т. Рўзиев, ЎзА