Спорт дипломатияси: тинчлик ва ҳамкорлик кўприги
Бугунги шиддат билан ўзгараётган глобаллашув даврида спорт нафақат жисмоний камолот манбаи, балки давлатлар ва халқлар ўртасидаги мулоқот, ўзаро англашув ҳамда стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг универсал воситаси сифатида намоён бўлмоқда. Спорт ўз табиатига кўра, инсонларнинг миллати, диний қарашлари, ижтимоий келиб чиқиши ёки иқтисодий мавқеидан қатъи назар, уларни ягона эзгу ғоя атрофида бирлаштиришга қодир бўлган ноёб соҳадир. Замонавий дунёда спорт энг қудратли сиёсий таъсир ва “юмшоқ куч” (soft power) воситаси сифатида тан олинган бўлиб, халқаро муносабатларнинг ажралмас қисмига айланди. У гуманитар технология сифатида давлатларнинг ички ва ташқи сиёсатидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш, маданиятлараро мулоқотни йўлга қўйиш ва глобал зиддиятларни юмшатишда муҳим институт бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг замонавий ташқи сиёсатида ҳам спорт дипломатияси алоҳида ўрин эгаллайди. Хусусан, 2026 йил мамлакатимиз учун спорт соҳасида туб бурилиш ва улкан ислоҳотлар йили сифатида тарихга кирмоқда. Жорий йилнинг 20 январ куни давлатимиз раҳбари иштирокида ўтган тақдимотда 2025 йилги натижалар сарҳисоб қилиниб, 2026 йил учун устувор вазифалар белгилаб берилгани соҳага бўлган юқори эътиборнинг ифодасидир. Айниқса, 26 январ куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеяси Янги Ўзбекистоннинг спорт оламидаги нуфузини янги босқичга кўтарди. Шунингдек, 24 март куни Янги Тошкент ҳудудида барпо этилаётган замонавий футбол стадиони қурилишининг кўздан кечирилиши ҳамда айнан шу куни “Жисманий тарбия ва спорт тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши, соҳани молиялаштириш ва тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш бўйича Президент қарори имзоланиши соҳанинг ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини тубдан такомиллаштирди.
Спорт дипломатиясининг амалий натижадорлигини мамлакатимиз атлетларининг жаҳон ареналаридаги ютуқларида ҳам кўриш мумкин. Ўтган йил давомида спортчиларимиз томонидан халқаро мусобақаларда 452 та олтин, 418 та кумуш ва 501 та бронза медали қўлга киритилгани, 50 нафардан зиёд вакилимиз жаҳон ва Осиё рекордларини янгилагани ўзбек спортининг салоҳиятини бутун дунёга намойиш этди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, спорт нафақат мусобақа, балки соғлом турмуш тарзи, интизом, ватанпарварлик ва мамлакат нуфузини акс эттирувчи катта кучдир. Интеллектуал спорт тури бўлган шахматда ҳам тарихий натижалар қайд этилмоқда. Хусусан, Жавоҳир Синдаровнинг дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари орасида муддатидан олдин ғалиб бўлиши ва «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланиши ёш авлоднинг салоҳиятидан далолат беради.
Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлида амалга оширилаётган изчил қадамлар спорт дипломатиясининг моҳиятини янада очиб беради. Тошкентдаги халқаро анжуманлар доирасида жаҳон ва Осиё спорт ташкилотлари билан 20 дан ортиқ муҳим битимлар имзолангани бунинг тасдиғидир. Халқаро оғир атлетика федерацияси билан Бўстонлиқ туманида Акбар Жўраев номидаги замонавий спорт клубини ташкил этиш, Биллашишган кураш дунёси ташкилоти билан Минтақавий спорт курашлари академиясини барпо этиш, шунингдек, волейбол ва чим устида хоккей бўйича янги стадионлар қурилиши борасидаги келишувлар Ўзбекистоннинг халқаро спорт харитасидаги ўрнини мустаҳкамлайди. Бу каби ташаббуслар давлатимизнинг спорт соҳасида кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун очиқ эканини англатади.
Спорт дипломатиясининг тарихий илдизлари ХХ асрда, хусусан, “Олимпия сулҳи” каби анъаналар билан шаклланган бўлса, бугунги кунда у мураккаб геосиёсий жараёнларда муҳим мувозанатловчи омил бўлиб хизмат қилмоқда. Тўғри, ушбу йўналишда спортни ҳаддан ташқари сиёсийлаштириш ёки катта молиявий харажатлар каби хатарлар ҳам мавжуд. Бироқ, спорт дипломатиясининг афзалликлари — халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий манфаатларни илгари суриш, мамлакатнинг ижобий имижини шакллантириш ва иқтисодий инвестицияларни жалб қилиш борасидаги имкониятлари беқиёсдир. Буни янги таҳрирдаги спорт тўғрисидаги қонунда «халқаро ҳамкорлик» тушунчасига ўнлаб маротаба урғу берилгани ҳам исботлайди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, замонавий халқаро муносабатлар тизимида спорт дипломатияси тинчлик, бағрикенглик ва барқарор ривожланишни таъминловчи энг самарали воситалардан бири бўлиб қолаверади. Ўзбекистоннинг бу борадаги стратегик ёндашуви нафақат жисмоний тарбияни оммалаштириш, балки спорт орқали халқаро майдонда дўстлик кўприкларини қуриш ва юртимизнинг юксак салоҳиятини намоён этишга қаратилган. Зеро, глобал зиддиятлар кучайган шароитда спорт — мамлакатларни бирлаштирувчи, низоларни бартараф этувчи ва инсониятни умумий мақсадлар йўлида жипслаштирувчи беқиёс кучдир. Ўзбекистон эса ушбу кучдан тинчлик ва тараққиёт йўлида оқилона фойдаланиб, жаҳон ҳамжамиятидаги ўз ўрнини янада юксалтиришда давом этади.
Рустам Бабажанов,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети
“Менежмент ва спорт тадбирларини ташкил этиш” кафедраси профессори в.б., п.ф.б.ф.д.(PhD)