Спорт акробатикаси: Тошкентда Осиё юлдузлари аниқланди
Пойтахтимизда спорт акробатикаси бўйича ўтказилган “Осиё юлдузлари” халқаро турнирида қўшни мамлакатларнинг маҳоратли спортчилари қаторида россиялик акробатлар совринли ўринларга даъвогарлик қилди.
Спорт акробатлари учун чинакам спорт байрами кўриниши олган шиддатли баҳслар натижасига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 3 та олтин, 8 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритди.

Шунингдек, нуфузли турнирда Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Россия вакиллари совринли ўринларга эга чиқди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Муҳаммадбобур Исмоилов, Зикруллоҳ Эргашов, Шоҳрухбек Ғофуржонов, Достон Нажмиддинов, Дониёр Валиев, Илҳомбек Тошалиев, Сухробжон Амруллаев, Азизбек Зоҳиджонов, Абдуллоҳ Ғайбуллаев, Сабина Умарова, Зарина Муллабоева, Севинч Қурбонова, Гўзал Султонова каби спортчиларимиз “Осиё юлдузлари” халқаро турнирининг кашфиёти бўлди.

Халқаро турнир якунида ғолиб ва совриндорликка эришган акробатлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА