«Нефтчи» пешқадамликни мустаҳкамлади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 25-тури доирасида бугун, 24 октябрь куни Қаршида «Насаф» ва «Сўғдиёна» жамоалари ўзаро куч синашади. Учрашув соат 18:00 га белгиланган.
Куни кеча Суперлиганинг 25-тур марказий учрашувида Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси сафарда Тошкентнинг «Пахтакор» клубига қарши муваффақиятли ўйин ўтказди.
Гап шундаки, «Пахтакор» стадионида ташкил этилган мазкур ўйинда «Нефтчи» 3:1 ҳисобида зафар қучди. Ўйиннинг 23-дақиқасида Достонбек Ҳамдамов пенальтини аниқ амалга ошириб, мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Иккинчи бўлимда эса фарғоналиклар ташаббусни ўз қўлига олди. 55-дақиқада Стипе Перица ҳисобни тенглаштирган бўлса, 66-дақиқада Коффи Куао ҳисобни 2:1 кўринишига олиб келди. Учрашувнинг 89-дақиқасида Жамшид Искандеров пенальтидан муваффақиятли фойдаланиб, жамоасининг 3:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

Ушбу ўйинда қайд этилган ғалабадан сўнг, «Нефтчи» очколарини лига жадвалида яққол пешқадамга айланди. «Пахтакор» эса иккинчи ўринда қолди.
Шунингдек, кеча 25-тур доирасида яна бир учрашув бўлиб ўтди. «Бухоро» ўз майдонида «Сурхон»ни қабул қилди. Учрашувда ҳисоб очилмади. Натижада «Бухоро»нинг очколари 41 тага етди ва 4-поғонадаги ўрнини мустаҳкамлади. «Сурхон» клуби эса 29 очко билан 12-ўринни банд этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА