Қонун талабларига риоя қилмаган 43 нафар ходимга чора кўрилди – “Ўзэнергоинспекция”
Энергетика соҳасида текширувларни қонуний асосда ташкил этиш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. "Ўзэнергоинспекция" раҳбари Дадажон Исақулов бошчилигида ўтказилган тадбирда Бизнес-омбудсман девони томонидан амалга оширилган ўрганишлар натижалари асосида инспекция фаолияти танқидий таҳлил қилинди.
Йиғилишда тадбиркорлик субъектларида текширув ўтказиш жараёнларида қонун талабларига қатъий риоя қилиш, тадбиркор ва текширувчиларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини аниқ белгилаш масалалари муҳокама марказида бўлди. Хусусан, 2025 йил давомида белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмаган Инспекциянинг 43 нафар ходимига нисбатан интизомий чоралар қўлланилгани қайд этилди.
Муҳокамалар чоғида текширувларни қонуний ва шаффоф тарзда ташкил этиш, тадбиркорлар ҳуқуқларини таъминлаш, ваколатли органларни ўз вақтида хабардор қилиш ҳамда профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, ҳудудларда ишларни талаб даражасида ташкил этмаган ва сусткашликка йўл қўйган масъуллар кескин танқид қилиниб, уларга нисбатан қатъий огоҳлантиришлар эълон қилинди.
Йиғилишда коррупциянинг олдини олиш, энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, энергетика объектларида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда эксплуатация ишларини тўғри ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича ишларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилиш якунида ҳудудий бошқармалар фаолиятидаги мавжуд камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, келгусида иш самарадорлигини оширишга қаратилган тегишли кўрсатмалар тақдим этилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА