Солиқ органларининг мижозларга йўналтирилганлик индекси жорий этилади
Давлатимиз раҳбарининг “Солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Унга кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб текширувдан олдинги таҳлил доирасида аниқланган тафовутлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёки асословчи ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.
Фармонга кўра, солиқ хавфи ўрта бўлган солиқ тўловчиларга аниқланган хавфлар тўғрисида хабарнома юбориш тизими жорий этилади. Бунда аниқланган камчиликлар 1 ой ичида бартараф этилган тақдирда, солиқ текширувлари ўтказилмайди.
Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига уларнинг ихтиёрига кўра дастлабки 6 ой давомида солиқ ва молиявий ҳисоботларни юбориш хизмати “Солиқ-сервис” АЖ томонидан бепул амалга оширилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 августдан солиқ органларининг мижозларга йўналтирилганлик индекси жорий этилади. Бунда солиқ тўловчилар томонидан солиқ хизматларидан фойдаланиш имконияти ва қулайлиги, шунингдек, солиқ органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини баҳолаш имконияти яратилади.
Солиқ мажбуриятларини бажариш учун сарфланадиган вақт ҳамда солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ўзаро ҳамкорлиги даражаси ҳам баҳолаб борилади.
Г.Бобоева, ЎзА