Мактаб ҳожатхоналари санитария талабларига жавоб берадими?
Ўзбекистонда таълим сифати, инсон капитали ва ҳудудлар ўртасидаги тенг имкониятлар ҳақида кўп гапирилмоқда. Аммо бу мақсадларга эришиш йўлидаги энг муҳим, бироқ узоқ йиллар давомида эътибордан четда қолган масалалардан бири — мактаблардаги санитария шароити ҳисобланади.
Айниқса, қишлоқ ҳудудларидаги мактаб ҳожатхоналари муаммоси нафақат маиший ноқулайлик, балки соғлиқни сақлаш, таълим сифати ва ижтимоий адолат билан боғлиқ стратегик масалага айланиб улгурди.
Ўтган йиллар давомида ҳудудлардаги санитария инфратузилмасини ривожлантиришда асосан марказлашган канализация тизимига таянилди. Бироқ бу ёндашув амалда кутилган натижани бермади.
Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги Delivery Unit лойиҳа офиси томонидан тайёрланган мақолада қайд этилишича, бугунги кунда мамлакат ҳудудларида марказлашган канализация қамрови тахминан 20 фоизни ташкил этади.
Қолган ҳудудларда эса мактаблар ва ижтимоий объектлар ҳали ҳам эски, санитария талабларига жавоб бермайдиган шароитларда фаолият юритмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар бир чекка қишлоққа қадар магистраль қувур тортиш улкан сармоя ва узоқ йиллик вақт талаб қилади. Бу эса яна бир неча авлод болаларининг муносиб санитария шароитисиз қолишига олиб келиши мумкин.
Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, санитария шароитининг етарли эмаслиги иқтисодиёт учун ҳам жиддий йўқотишларга сабаб бўлади. Касалликлар кўпайиши, дарс қолдириш ҳолатлари ва меҳнат унумдорлигининг пасайиши орқали мамлакат ялпи ички маҳсулотининг сезиларли қисми йўқотилиши мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, чекка ҳудудлар учун энг тўғри йўл содда ва автоном ишлайдиган технологиялардан фойдаланишдир. Шу нуқтаи назардан, “Soakaway” тизими сўнгги пайтларда самарали ечим сифатида кўрилмоқда. Унинг асосий афзаллиги — электр энергиясига деярли эҳтиёж сезмаслиги ва мураккаб техник хизмат талаб қилмаслигида.
Тизим Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги пилот мактабларда синовдан ўтказилиб, турли иқлим шароитларида барқарор натижа кўрсатган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ушбу технологияни марказлашган тармоқлардан узоқ ижтимоий объектларда қўллаш бўйича услубий тавсиялар ҳам ишлаб чиқилган.
Санитария шароити етарли бўлмаган мактаблардан энг кўп жабр кўраётган қатлам — ўсмир қизлар ҳисобланади. Тадқиқотларга кўра, ҳар тўртинчи қиз бола муайян даврларда мактабга бормай қолиши мумкин. Бунинг сабаби кўпинча муносиб гигиена шароитининг йўқлигидир. Бу эса таълим сифатига, қизларнинг ижтимоий фаоллигига, келажакдаги имкониятларига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис, янги мактаб ҳожатхоналарида инклюзивлик талаблари, ногиронлиги бўлган болалар учун қулайликлар ва қизлар гигиенаси учун шароитлар алоҳида ҳисобга олиниши зарур.
“Тоза қўллар” дастури доирасида мактаб ички ҳожатхоналарини қуриш ва таъмирлаш учун ҳар йили 100 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. 2025 йилнинг ўзида 139 та мактабда модернизация ишлари амалга оширилган. Бироқ таҳлилчиларнинг фикрича, муаммонинг ечими фақат маблағ билан боғлиқ эмас.
Асосий масала — тўғри технология ва самарали бошқарувни танлашда. Қиммат ва мураккаб тизимлар эмас, балки узоқ йиллар давомида барқарор ишлайдиган, хизмат кўрсатиш харажати кам бўлган ечимлар устувор бўлиши керак.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА