Соғлом ўсимлик, соғлом табиат – фитосанитар хавфсизликнинг гарови
Тошкентда нуфузли халқаро илмий-техник анжуман бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ва экотизим барқарорлигини таъминлаш, фитосанитар хавфсизликни янада кучайтириш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар изчил давом этмоқда. Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институтида “Соғлом ўсимлик, соғлом табиат — фитосанитар хавфсизликнинг гарови” мавзусида халқаро илмий ва илмий-техник тадбир юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон билан бир қаторда қатор хорижий давлатларнинг таниқли олимлари, етакчи профессорлари, соҳа мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар жам бўлиб, ўсимликлар карантини, фитосанитар хавфсизлик ва глобал экологик барқарорликнинг энг долзарб муаммоларини кенг кўламда муҳокама қилди. Халқаро илмий тадбир давомида қишлоқ хўжалиги ва экология соҳасининг устувор йўналишлари ўзаро чамбарчас боғлиқ ҳолда атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, мева-сабзавот маҳсулотларини турли зараркунандалардан ишончли ҳимоя қилиш ҳамда фитосанитар хавфсизликни таъминлашнинг илғор усулларини қўллаш орқали ўсимликларнинг биологик хилма-хиллигини сақлаш ва экотизимлар мувозанатини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борада қишлоқ хўжалигида экологик барқарорликка эришиш ва мавжуд табиий ресурслардан оқилона ҳамда самарали фойдаланиш, шунингдек, инновацион технологияларни кенг жорий этиш орқали зараркунандалар ва касалликларга қарши замонавий ҳимоя воситаларини яратиш бугунги куннинг энг кечиктириб бўлмайдиган вазифаларидан экани таъкидланди. Ўз навбатида, бу каби чора-тадбирлар ўсимлик маҳсулотлари сифатини юқори даражада сақлаш ҳамда аҳоли учун муҳим бўлган озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатли таъминлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши айтилди.
Анжуман доирасида мамлакатимиз ҳамда Мексика, Эрон, қирғизистонлик мутахассисларнинг мазмунли илмий маърузалари тингланди. Ушбу чиқишларда мева зараркунандаларига қарши курашиш, ўсимлик касалликларининг олдини олиш, замонавий биологик ҳимоя усуллари ҳамда фитосанитар назоратни такомиллаштиришнинг илмий асосланган ёндашувлари чуқур ёритилди. Шунингдек, тадбирнинг алоҳида шўъба йиғилишларида қишлоқ хўжалиги экинларини ишончли ҳимоя қилиш, ўсимликлар карантини соҳасидаги сўнгги илмий изланишлар ва амалий тадқиқотлар натижалари ўзаро таҳлил қилиниб, келажакдаги ҳамкорлик режалари белгилаб олинди.

Моҳигул Қосимова,
ЎзА