Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилоятининг туманларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик, жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, ҳудудда маънавий-маърифий ишлар доирасида нуронийлар учун пойтахтга саёҳат ташкил этилди.
Зомин туманида аҳолини кўмир ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, мавсумга тайёргарлик ишлари ҳамда ёқилғи маҳсулотларининг талон-торож қилиниши ва ноқонуний сотилишига йўл қўймаслик масалалари муҳокама қилинди.

Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳудуд масъуллари билан учрашиб, таъминотдаги муаммоларни бартараф этиш ва мавжуд захиралардан мақсадли фойдаланиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.

***
Мирзачўл туманида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган тадбир ўтказилди.

Унда маҳаллалар ва тегишли ташкилотлар масъуллари иштирок этиб, ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш, айниқса, ёшлар ўртасида профилактик ишларни кучайтириш ҳамда идоралараро ҳамкорликни самарали ташкил этиш бўйича вазифаларни белгилаб олди.

***
Республика бўйлаб 19-26 октябрь кунлари ўтказилаётган “Аҳолини зилзилага тайёрлаш ҳафталиги” доирасида “Ўзбектелеком” ташкилотида назарий ва амалий машғулот ташкил этилди.

Ходимларга ер силкиниши пайтида тўғри ҳаракатланиш, хавфсиз жойга эвакуацияланиш ва фавқулодда вазиятларда белгиланган қоидаларга амал қилиш тартиблари тушунтирилди.

Машғулотнинг асосий мақсади – хавфли вазиятларда саросимага берилмасдан, оқилона қарор қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш.
***
Шароф Рашидов тумани нуронийлари учун ташкил этилган саёҳат доирасида пойтахтдаги Ғалаба боғи ва унинг музейига ташриф уюштирилди.

Отахон ва онахонлар халқимизнинг жасорати, матонати ва фидойилигини акс эттирувчи тарихий экспонатлар билан танишиб, ўтмиш сабоқларини яна бир бор ёдга олди.

Эътибор ва эъзозга йўғрилган сафар кекса авлод вакилларининг мазмунли ҳордиқ чиқариши, маънавий дунёсини бойитиши ҳамда унутилмас таассуротлар билан қайтишига хизмат қилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири