Соғлом муҳит — барқарор меҳнат кафолати
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Сирдарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан 28 апрель — Бутунжаҳон меҳнат муҳофазаси куни муносабати билан “Соғлом психологик-ижтимоий иш муҳитини таъминлайлик” шиори остида кенг қамровли семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади иш жойларида меҳнат муҳофазаси маданиятини юксалтириш, хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда ходимлар ўртасида соғлом психологик муҳитни мустаҳкамлашга қаратилди. Шу билан бирга, Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари, “Хавфсиз меҳнат асослари” ва “Меҳнат ҳуқуқлари” бўйича билим ва кўникмаларни ошириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Семинар-тренинг доирасида иштирокчилар Гулистон шаҳрида фаолият юритаётган йирик саноат корхоналари — ип-калава ишлаб чиқарувчи «Mili Teks Sirdaryo» МЧЖ ҳамда полипропилен қоп маҳсулотлари тайёрлайдиган “ММХ-РRO” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Корхоналарда меҳнат муҳофазаси тизими, техник хавфсизлик қоидалари, фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш тартиби ҳамда ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари бўйича амалий маълумотлар берилди.

Шундан сўнг “ММХ-РRO” МЧЖда ташкил этилган давра суҳбатида меҳнат жамоасидаги психологик муҳит, ўзаро муносабатлар, ишга бўлган мотивация ва самарадорлик масалалари муҳокама қилинди. Мутахассислар иш жойидаги барқарор психологик муҳит меҳнат унумдорлиги ва хавфсизлик билан бевосита боғлиқ эканини алоҳида таъкидладилар.

Тадбирда сўзга чиққан Сирдарё вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бош инспектори Тўлқин Абдураззоқов, Кенгаш раисининг ўринбосари Баҳодир Ҳамиджонов, меҳнат ҳуқуқ инспектори Ширинхон Умаралиева, меҳнат техник инспектори Абдукамол Ҳакимов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ташкилий ишлар бўлими бош мутахассиси Жаҳонгир Ихтиёров ҳамда Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси ўринбосари Эркин Бойниязовлар меҳнат хавфсизлиги соҳасида қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, иш берувчи ва ходим масъулиятини кучайтириш, профилактик чораларни тизимли йўлга қўйиш, меҳнат муҳофазаси тизимини такомиллаштириш, хавфсиз меҳнат маданиятини шакллантириш ва жамоада соғлом муҳит яратиш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.

Мутахассислар, шунингдек, ходимларнинг психологик ҳолати ва кайфияти иш самарадорлиги ҳамда меҳнат хавфсизлигига сезиларли таъсир кўрсатишини қайд этиб, бу йўналишда комплекс ёндашув зарурлигини таъкидладилар.

– Бугунги семинар-тренинг меҳнат муҳофазасини фақат қоидалар мажмуаси эмас, балки инсон ҳаёти ва унинг психологик барқарорлиги билан боғлиқ яхлит тизим сифатида қарашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди, – дейди тадбирда иштирок этган Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати етакчи мутахассиси Бердимурод Абдуллаев.

Чунки иш жойида соғлом психологик-ижтимоий муҳитни шакллантириш, ходимлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш меҳнат самарадорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи омилдир.
– Бундай амалий машғулотлар иш берувчи ва ходимларда масъулият ҳиссини янада кучайтиради, – деди у.
Семинар якунида тармоқ касаба уюшмалари томонидан “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш” бўйича ўтказилган кўрик-танлов ғолиблари тақдирланди. “Энг яхши ташкилот”, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси вакили”, “Ёш мутахассис” ва “Энг яхши касаба уюшмаси қўмитаси” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири