Қонунга ҳурмат болаликдан бошланади
Сирдарё вилоятида ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва маданиятини шакллантиришга қаратилган “Қонунни билиб катта бўламиз” лойиҳасига старт берилди. Дастлабки тадбир сифатида Гулистон шаҳар адлия бўлими томонидан 18-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқувчилари учун очиқ дарс ташкил этилди.
Унда ўқувчиларга қонун, жамоат тартиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳақида дастлабки тушунчалар содда ва тушунарли усулларда етказилди. Машғулотлар давомида болалар ёшига мос ҳаётий мисоллар, ранг-баранг иллюстрациялар, мультфильмлар ҳамда интерактив ўйинлардан самарали фойдаланилиб, уларнинг мавзуга бўлган қизиқиши оширилди. Бу эса ҳуқуқий билимларнинг шунчаки назарий эмас, балки амалий тарзда ўзлаштирилишига хизмат қилди.
Тадбир якунида ўтказилган қисқа сўров ва савол-жавоблар ўқувчиларнинг мавзуни қай даражада ўзлаштирганини аниқлаш билан бирга, уларда мустақил фикрлаш кўникмасини ҳам шакллантирди. Мутахассислар фикрича, айнан бошланғич таълим босқичида берилган бундай билимлар болаларда қонунга ҳурмат ва масъулият ҳиссининг мустаҳкам пойдеворини яратади.
– Бугунги кунда ёш авлодни ҳуқуқий жиҳатдан билимли ва онгли қилиб тарбиялаш — устувор вазифалардан бири. “Қонунни билиб катта бўламиз” лойиҳаси айнан шу мақсадга хизмат қилади. Айниқса, бошланғич синф ўқувчиларига ҳуқуқий тушунчаларни содда ва ҳаётий мисоллар орқали етказиш туфайли уларда эрта ёшдан қонунга ҳурмат ҳисси шаклланади. Бу эса келгусида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, масъулиятли фуқароларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳани босқичма-босқич кенгайтириб, барча таълим муассасаларида жорий этишни режалаштирганмиз, – дейди Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Сафарбой Тоғаев.
[gallery-29086]
Қайд этиш жоиз, бу каби лойиҳалар нафақат ҳуқуқий саводхонликни ошириш, балки жамиятда қонун устуворлиги тамойилларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Зеро, қонунни билган, уни англаган ва ҳурмат қилган авлод барқарор тараққиётнинг энг ишончли таянчидир.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА