“Соғлом авлод – кучли келажак” спорт байрами кўтаринки руҳда ўтди
Бугун “Юнусобод” спорт мажмуасида ногиронлиги бўлган болалар ўртасида “Соғлом авлод – кучли келажак” шиори остида спорт мусобақалари ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Тошкент шаҳар бўлими ҳамда Мираброр Усманов номидаги халқаро хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида ўтказилди.
Мазкур спорт байрами ногиронлиги бўлган болаларни жисмоний фаолликка жалб этиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг жамиятдаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш ва иқтидорларини рўёбга чиқариш мақсадида ташкил қилинди.

Мусобақалар шахмат, шашка, стол тенниси, югуриш, копток улоқтириш, узунликка сакраш ҳамда армрестлинг каби 7 та спорт тури бўйича ўтказилди. Қатнашчилар беллашувларда катта иштиёқ ва юқори кайфият билан иштирок этиб, ўз қобилият ва маҳоратларини намоён этдилар.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар кубок, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шу билан бирга, тадбир доирасида ногиронлиги бўлган инсонлар томонидан тайёрланган қўл меҳнати маҳсулотлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Ярмарка иштирокчиларнинг ижодий имкониятларини кенг жамоатчиликка намойиш этишга хизмат қилди.

Спорт тадбири болаларга нафақат беллашувларда иштирок этиш, балки янги дўстлар орттириш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва жамият меҳрини ҳис этиш имконини бергани билан ҳам аҳамиятли бўлди.
