Навоийда спорт ва ёшлар байрамига айланган мусобақа
Навоий шаҳрида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ҳамда “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларининг дзюдо бўйича 2-босқичи — “Ҳоким олимпиадаси” мусобақаси бўлиб ўтди.
Ёш спортчиларнинг иқтидорини кашф этиш, уларни профессионал спортга кенг жалб қилиш ва олимпия ҳаракати ғояларини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган мусобақада вилоятнинг шаҳар ва туманларидан сараланган иқтидорли полвонлар иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Хўжаев, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Муртозаев, Миллий олимпия қўмитаси Навоий вилояти ижрочи директори Фарҳод Раҳмонов, спорт соҳаси мутасаддилари, тажрибали мураббийлар ҳамда ёшлар қатнашди.
[gallery-29585]
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш ва халқаро ареналарда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчиларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди.
Мусобақа давомида иштирокчилар турли вазн тоифалари бўйича ўзаро беллашиб, юқори маҳорат ва ғалабага бўлган интилишни намоён этди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар спорт мухлисларида катта қизиқиш уйғотди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланиб, “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг республика босқичига йўлланмаларни қўлга киритди.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА