Словакияга ишга юбориш билан боғлиқ ноқонуний ҳолат фош этилди
Ноқонуний миграцияга қарши курашиш йўналишида ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида Чилонзор туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда маҳаллий туристик фирма менежери хорижга ишга жўнатиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмасада, Самарқанд вилоятида яшовчи фуқарони Словакияга ишга юбориш ҳамда унга виза расмийлаштириб бериш эвазига 3 минг АҚШ доллари ва 2,5 млн сўм талаб қилиб, шундан 1 минг доллар ва 2,5 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.
ЎзА