Сирожиддин Рауф: “Зар ҳам ўзинг, заргар ҳам ўзинг”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Таниқли шоир, таржимон ва публицист Сирожиддин Рауфнинг “Зар ҳам ўзинг, заргар ҳам ўзинг” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан адибнинг долзарб мавзуларда битган мақолалари, эссе, суҳбат, тақриз ва қайдлари жой олган.
Китоб билан таниша бошлар экансиз, кўз ўнгингизда нафақат сиз шеърлари орқали таниш бўлган кўнгил тилмочи – шоир Сирожиддин Рауф, балки сиёсий, маънавий-ижтимоий мавзуларни чуқур таҳлил қила оладиган мушоҳада доираси кенг журналист, публицист Сирожиддин Рауф ҳам гавдаланади.
Сирожиддин Рауф ушбу китобга кирган битикларида ўз қарашлари, фикр-мулоҳазаларини аниқ далиллар воситасида бадиий жило берган ҳолда баён этадики, ундаги “сеҳр” беихтиёр сизнинг ҳам тасаввурингизни ўзгартириб юборади. Муаллифга хос бу хусусият соҳа мутахассислари, қолаверса, ўқувчилар томонидан эътироф этиб келинади.
Яна бир ўзига хос жиҳати, ушбу китобга киритилган мақола, эссе, суҳбат, тақриз ва қайдлар турли йилларда ёзилган. Аммо, ундаги масалалар, фикр-мулоҳазалар эскирмаган – тоза, улар ўқувчига худди бугун ёзилган асарлардек таассурот қолдиради. Бу ижодкор учун жуда муҳим фазилат.
Китобга устоз журналист, адиб, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев “ Ижодкорнинг тафаккур булоғи” номли кириш сўзи – сўзбоши ёзган. – Талаба, бошловчи журналистнинг истибдод даврида ҳам қўрқмай, тарихий моддий ва маънавий бойликларимиз намуналарини собиқ иттифоқ марказий шаҳарларида жойлашган Эрмитаж каби катта музейлардан асл ватанига қайтариб олиб келиш лозимлиги ҳақидаги мақолаларини ўша вақтдаги ошкоралик руҳи имкониятларидан фойдаланиб, газетада чоп этилишига ҳисса қўшганимни эсладим. Аммо бугунги Сирожиддин ўша кезлари катта публицистлар сафига ийманиброқ кирган, кўпроқ тинглаган, сўз айтиш одобига риоя қилган Сирожиддиндан кескин фарқ қилади. Ўзбекистонда кечган, кечаётган кўп босқичли ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий жараёнлар, уларнинг турфа даражадаги самаралари Сирожиддиннинг дунёқараши, онг-тафаккури, ижодкорлик идроки уфқини янада кенгайтирибди, фикрлаш тарзи, баҳс-мунозара юритиш маҳорати жамиятнинг куюнчак бир аъзоси сифатидаги мақомини оширибди.
Бу ўз-ўзидан пайдо бўлган мақом эмас, изланиш, кузатиш, юрт кезиш, қиёслаш, куюниш натижаси, деб эътироф этади Аҳмаджон Мелибоев.
Сирожиддин Рауфнинг “Зар ҳам ўзинг, заргар ҳам ўзинг” номли китобини ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА