Банк ходимлари ўртасида китобхонлик тарғиб этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш ва уни юқори савияда ўтказишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти тизимида маънавий-маърифий йўналишдаги тадбирлар изчил давом этмоқда.
Бундай ташаббуслар ходимларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, Ватанга садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда “Ўзмиллийбанк” АЖ Тошкент шаҳар Бош бошқармаси “Саёҳат” Банк хизматлари марказида “Маърифатли жамият — китобхон жамият” шиори остида банк ходимлари ва мижозлари учун китоб ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбирга “Академнашр” нашриёт маркази ҳамда “Мутолаахона” МЧЖ вакиллари жалб этилди. Ярмаркада турли йўналишдаги 500 га яқин адабиёт намойиш этилди. Бадиий асарлар, тарихий ва маърифий китоблар, илмий-оммабоп нашрлар ҳамда шахсий ривожланишга оид адабиётлар китобхонларга кенг танлов имконини берди.
[gallery-31101]
Китоб ярмаркасининг ўзига хос жиҳати шундаки, ходимлар иш жойининг ўзида турли мавзудаги нашрлар билан танишиш, қизиққан китобларини танлаш ва харид қилиш имкониятига эга бўлди. Бу каби тадбирлар мутолаани кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантириш, китоб ўқишга қизиқишни ошириш ва шахсий кутубхоналарни бойитиш учун қўшимча имконият яратади.
Тадбир давомида “Мутолаахона” ташкилотчилари ҳамда “Ишонч” газетаси журналистлари китобхонликнинг инсон ҳаётидаги ўрни, мутолаанинг тафаккур ва дунёқарашни бойитишдаги аҳамияти ҳақида фикр билдирди. Китоб ўқишга қизиқишни ошириш ва мутолаа маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ярмарка нафақат янги асарларни харид қилиш, балки китоб ва мутолаа атрофида фикр алмашиш учун ҳам ўзига хос мулоқот майдонига айланди. Зеро, китобхонлик инсоннинг билим доирасини кенгайтириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ва дунёқарашини бойитишда муҳим омилдир.
Банк тизимида бундай маънавий-маърифий тадбирларнинг ташкил этилиши ходимлар ўртасида китобхонлик муҳитини шакллантириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда жамоада соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Камола Юсупова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА