Сирдарёда тест синовларига старт берилди
Сирдарё вилоятида 2026–2027-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига қабул бўйича тест синовларининг илк куни бошланди. Бугун, 14 июль куни старт олган имтиҳон жараёнлари белгиланган тартиб асосида ташкил этилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Сирдарё вилояти бўлими томонидан тест синовларини юқори савияда ўтказиш учун барча тайёргарлик ишлари олдиндан якунланди. Имтиҳон ўтказиладиган ҳудудлар замонавий талаблар асосида жиҳозланиб, абитуриентлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Шунингдек, хавфсизлик, тиббий хизмат, жамоат тартибини сақлаш ҳамда техник қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам тўлиқ таъминланди.
Тест жараёнларининг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида вилоят бўйича 100 нафарга яқин тажрибали назоратчи жалб этилди. Имтиҳонлар амалдаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилинган ҳолда ташкил этилмоқда.
Тест синовларининг биринчи сменасида 1200 нафар абитуриент иштирок этиб, ўз билим ва тайёргарлигини синовдан ўтказди. Ёшлар орзу қилган олий таълим муассасаси талабаси бўлиш йўлидаги муҳим босқични катта масъулият билан бошлади.
[gallery-30405]
— Тест синовларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида барча тайёргарлик ишлари белгиланган муддатларда тўлиқ якунланди. Имтиҳон ўтказиладиган ҳудудлар белгиланган талаблар асосида жиҳозланди, абитуриентлар учун барча зарур ва хавфсиз шарт-шароитлар яратилди. Жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун тажрибали назоратчилар, техник мутахассислар ҳамда бошқа масъул хизматлар жалб этилди. Асосий мақсадимиз — ҳар бир абитуриентнинг билими холис, адолатли ва шаффоф баҳоланишини таъминлашдир.
Эътиборли жиҳати шундаки, жорий йилда республика бўйича тест синовларида иштирок этиш учун 677 минг 907 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Улардан 21 минг 101 нафари Сирдарё вилоятида тест топширишни танлаган. Вилоятимизда тест синовлари 9 кун давомида ташкил этилади ва 22 июль куни якунланади, — дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи Алишер Баҳромов.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда қабул жараёнларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, инсон омилини қисқартириш ҳамда абитуриентлар учун тенг имкониятлар яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу эса билимли ва муносиб ёшларни саралаб олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сирдарёлик минглаб ёшлар учун бугунги кун оддий имтиҳон эмас, балки келажак касби, олий таълим ва орзу-мақсадлар сари ташланган муҳим қадам сифатида тарихда қолади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА