Сунъий интеллект бўйича янги авлод мутахассислари тайёрланмоқда
Бухоро вилоятида давлат бошқарувини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини амалиётга кенг жорий этиш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Вилоят ҳокимлиги Рақамли бошқарув марказида шаҳар ва туман ҳокимларининг сунъий интеллект ҳамда рақамлаштириш бўйича маслаҳатчилари учун малака ошириш ўқув курсларига старт берилди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғига асосан барча вазирлик ва ҳокимликларда ўз тузилмасида сунъий интеллектни ривожлантириш билан шуғулланадиган алоҳида бўлинма ташкил қилинди ва уларнинг олдига, энг аввало, иш самарадорлиги ва хизмат сифатини ошириш, ортиқча харажат, “яширин” иқтисодиёт ва бюрократияни қисқартириш каби масалаларга сунъий интеллект орқали ечим топиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб бериш топширилди.
Мазкур ўқувларда шаҳар ва туман ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари ҳам масофавий форматда иштирок этишиб, рақамли бошқарув соҳасидаги энг сўнгги билим ва тажрибалар билан танишишмоқда. Бу эса ҳудудларда рақамли ислоҳотларни бир хил ёндашув асосида амалга ошириш, замонавий технологияларни бошқарув тизимига самарали татбиқ этишга хизмат қилади.

Ўқув дастури доирасида иштирокчиларга сунъий интеллект технологияларининг назарий асослари, уни давлат идоралари, корхона ва ташкилотлар фаолиятида қўллаш имкониятлари, генератив сунъий интеллект воситаларидан унумли ва хавфсиз фойдаланиш усуллари ҳамда “Рақамли маҳалла” ахборот тизимининг функционал имкониятлари юзасидан атрофлича маълумотлар берилмоқда. Шу билан бирга, рақамли хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш, қарор қабул қилишда маълумотларга асосланган ёндашувни кучайтириш ва давлат хизматлари сифатини оширишга қаратилган амалий машғулотлар ҳам ташкил этилган.
Бугунги кунда сунъий интеллект дунё иқтисодиёти ва давлат бошқарувининг энг муҳим драйверларидан бирига айланиб бормоқда. Шу боис маҳаллий бошқарув органларида фаолият юритаётган мутахассисларнинг бу соҳадаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш келгусида рақамли ҳукумат тизимини янада ривожлантириш, аҳоли мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш ва бошқарув самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Бухорода йўлга қўйилган мазкур ўқув курслари нафақат мутахассисларнинг малакасини юксалтириш, балки рақамли фикрлаш маданиятини шакллантириш, инновацион ёндашувларни кенг татбиқ этиш ва Янги Ўзбекистоннинг рақамли тараққиёт стратегиясини ҳаётга изчил жорий этишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бугунги куннинг эмас, балки эртанги тараққиётнинг асосий таянчи ҳисобланади. Бухоро вилоятида бу йўналишда амалга оширилаётган бундай ташаббуслар ҳудудда рақамли бошқарувнинг янги босқичини бошлаб бериб, аҳоли учун қулай, тезкор ва шаффоф давлат хизматларини яратиш йўлида муҳим пойдевор вазифасини ўтайди. Бу эса Бухорони инновациялар ва рақамли ечимлар марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири