Сирдарёда “Саломатлик сари 5000 қадам” марафони
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят кенгаши ташаббуси билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида 7 апрель — Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан “Саломатлик сари 5000 қадам” марафони ташкил этилди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ва саломатликни мустаҳкамлашдир. Марафон доирасида иштирокчилар 5000 қадам юриб, мунтазам жисмоний машқнинг инсон саломатлиги учун қанчалик муҳим эканини амалда кўрсатдилар. Шу билан бирга, турли ёшдаги тиббиёт ходимлари бир-бири билан фикр алмашиб, фитнес, тўғри овқатланиш ва соғлом ҳаёт тарзига оид тажрибаларини баҳам кўрдилар.


–Бундай тадбирлар нафақат жисмоний фаолликни оширишга, балки тиббиёт ходимлари ва аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Ҳар бир қадам бу соғлом ҳаётга қўйилган қадамдир,– деди
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши раиси Акбархон Мирзахонов.


Марафон барча иштирокчиларда ижобий таассурот қолдирди ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда бундай чора-тадбирларнинг аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири