Сирдарёда маҳбуслар учун махсус қабулхона қурилди
Сирдарё вилоят ички ишлар бошқармаси пост патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонаси замонавий услубда барпо этилиб фойдаланишга топширилди.
Бош Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси конституциясининг II боб 13-моддасида «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади» деб битиб қўйилган.
Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезони – адолатлилик, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устунлигини таъминлашдан иборат. Бу жараёнда жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинлигини таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарур. Чунки асосий мақсад жазони ижро этиш тизимида шахсни ахлоқан тузатиш ва жамиятга ижтимоий мослашувига эришишдир. Айни шу жиҳат амалдаги ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Сирдарё вилоят ички ишлар идоралари тизимида ҳам бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги «Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги 734-сонли қарорига мувофиқ, Мирзаобод туманида Сирдарё вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонасининг маъмурий биноси барпо этилиб, унинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
[gallery-1709]
Махсус қабулхонанинг асосий вазифаси маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлашни ташкил этиш, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, шунингдек уларга юклатилган мажбуриятларни бажаришини ташкил этиш, маъмурий қамоққа олинган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш, маъмурий қамоққа олинган шахслардан сақлаш харажатларини ундириш ва уларни меҳнатга жалб этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этишдан иборат.
Ушбу бино Мирзаобод тумани Мирзо Улуғбек номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ажратилган 1 гектар ер майдонида ташкил этилган бўлиб, янгидан барпо этилган 2 қаватли бинода барча қулайликлар яратилган.
Махсус қабулхонада жами 30 та хона мавжуд бўлиб, шундан қабулхона ходимлари учун хизмат хоналари, ҳисобчи, маънавият ва маърифат хонаси, навбатчи, учрашув, тинтув, телефон орқали сўзлашув, тиббиёт, дезинфекция, омборхона, ошхона, ювиниш, олиб келинган шахсларни сақлаш хоналаридан иборат. Жами маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона сиғими 60 кишига мўлжалланган. Шундан 20 та хона аёллар, 40 та хона эса эркаклар учун ажратилган.
Бинонинг қурилиши билан биргаликда турли хил замонавий ахборот технологиялари ҳам жорий этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, махсус қабулхона атроф-ҳудудини мунтазам равишда кузатиб бориш учун 22 та замонавий видео кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, барчаси Сирдарё вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ППХ ва ЖТСББ Навбатчилик қисмига уланган бўлиб, доимий кузатилиб борилади.
Жиноятчи ҳам шу юрт фуқароси. Билиб-билмай жиноятга қўл урган ва энди, уларнинг кўпчилиги қилган қилмишидан пушаймон. Жазоланганлар бу ерда ўз хатоларини англаб етади, тушунади, хатосини тўғрилаш учун бор имкониятларини ишга солади. Тузалиш йўлига ўтганлар учун қамоқхона эшиклари уларга берилган муддатдан эртароқ очилиши ҳам ҳар бир маҳбуснинг ўз қўлида. Жиноятчиларга қулай шарт-шароит яратиш билан, ўз ватандошларимизга имкониятлар эшигини очамиз, чунки жиноятчи ҳам ўз фарзандимиз.
А.Қаюмов,
Ф.Тошматов(сурат), ЎзА