Сиань шаҳрида Ўзбекистон-Хитой бизнес мулоқотлари ўтказилди
Хитойнинг Сиань шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳудудлараро форум бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унда давлат идоралари, бизнес вакиллари ҳамда қатор соҳалар мутахассислари иштирок этди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев сўзга чиқиб, икки давлат ҳудудлари ўртасида инвестиция, савдо, инновация, туризм ва “яшил” тараққиёт йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шунингдек, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ўзаро манфаатли лойиҳалар сонини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Тадбир доирасида Хитой компаниялари иштирокида B2B форматдаги бизнес мулоқотлари ҳам ташкил этилди. Уларда янги экспорт йўналишларини шакллантириш, саноат кооперациясини кучайтириш ва истиқболли қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Айни чоғда кон-геология соҳаси вакиллари ҳам форум доирасидаги учрашувларда фаол иштирок этиб, соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан музокаралар олиб бормоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА