Қамашида сел талафоти оқибатлари бартараф этилмоқда
Икки-уч кун давомида кузатилаётган ёмғирли ҳаво Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги бир қатор қишлоқлар аҳолиси учун ҳам жиддий синов бўлди. Айниқса, тумандаги Оққишлоқ, Оқсув, Қизилмачит ҳамда Тегирмонқул ҳудудларида юзага келган сел оқимлари инфратузилмага зарар етказиб, аҳолини ташвишга солди.
Маҳаллий аҳоли ва мутасаддиларнинг таъкидлашича, юқори ҳудудларда ёққан кучли ёмғир оқибатида сой ўзанлари сувни сиғдира олмай, сел оқими кучайган. Натижада йўлида учраган кўприклар, электр симёғочлари ва бошқа объектларга зарар етган.
Оққишлоқ қишлоғи яшовчиси Олим Рўзимуродовнинг айтишича, бу қадар катта селни у аввал кўрмаган.
– Ёмғир юқори ҳудудларга ёққан. Сел учта кўприкка зарар етказди. Бузоқлар, чорва моллари оқимга тушиб кетди. Электр таъминоти ва алоқа тизимида ҳам узилишлар бўлди. Шу ёшга кириб бундай ҳолатни биринчи бор кўряпман, – дейди у.
Аҳоли вакилларининг маълум қилишича, сел оқими оқибатида қишлоққа олиб борувчи, ҳашар йўли билан қурилган учта кўприк вайрон бўлган. Шунингдек, элликдан зиёд чорва моллари нобуд бўлгани ҳақида ҳам маълумотлар билдирилмоқда.
[gallery-29573]
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда сел оқимида оқиб кетаётган “Дамас” автомобили кўпчиликнинг хавотирига сабаб бўлди.
“Чангак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Туйғун Хўжамқуловнинг таъкидлашича, мазкур транспорт воситаси туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходимларига тегишли бўлиб, у дарё ёқасида тўхтатилган вақтда сел оқимида оқиб кетган.
– Автомобиль ичида ҳеч ким бўлмаган. Кейинчалик махсус техника ёрдамида чиқариб олинди. Айрим жойларда сел сувлари чиқиндиларни қувурларга тиқиб қўйгани сабабли сув йўл қатнов қисмига чиққан ва ҳаракат вақтинча чекланган, – дея таъкидлади.
Ҳудудда бўлганимизда сел излари туманнинг бир нечта аҳоли пунктларида сақланиб қолганига гувоҳ бўлдик. Айрим жойларда пиёдалар кўприги, ички йўллар ҳамда сой ёқасида жойлашган хонадонларнинг қўшимча хўжалик биноларига ҳам зарар етгани маълум бўлди.
“Қизилқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Акмал Бўриевнинг сўзларига кўра, сел кутилмаган вақтда шаклланган бўлса-да, аҳолини тезкор огоҳлантириш орқали оғир оқибатларнинг олди олинган.
– Фуқароларимизга жиддий зиён етмади. Аммо дарё ўзанига яқин ҳудуддаги айрим қўшимча хўжалик бинолари ва чорва молларига зарар етгани ҳақида маълумотлар бор. Шунингдек, йўллар ва кўприкларга ҳам талафот етган, – дейди у.
Маълум бўлишича, воқеа содир бўлган дастлабки соатларданоқ туман ҳокимлиги томонидан махсус ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ҳозирда фавқулодда вазиятлар хизмати ва мутасадди ташкилотлар томонидан зарар кўламини ўрганиш, ҳудудларни тозалаш ва инфратузилмани тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Туман ободонлаштириш бошқармаси йўл бўлими бошлиғи Холмўмин Қўйлиевнинг қайд этишича, вайрон бўлган ички йўллар ва кўприкларни таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади.
Мутахассислар сел мавсуми давом этаётганини инобатга олган ҳолда аҳолини эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда. Хусусан, сой ёқаларида чорва молларини қаровсиз қолдирмаслик, расмий идоралар огоҳлантиришларига қатъий амал қилиш муҳимлиги таъкидланмоқда.
Табиат ҳодисалари инсон иродасини яна бир бор синовдан ўтказади. Энг муҳими, бу каби фавқулодда вазиятларда аҳолининг ҳушёрлиги, ҳамжиҳатлиги ва тезкор чоралар кўрилиши талафотларни камайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари