СИ 20 йил олдин ўғирланган картинани топди
Италия полицияси сунъий интеллект ёрдамида 20 йил аввал ўғирланган “муқаддас Агнеса” тасвирланган картинани топди. XVII асрга оид асар 2004 йил Сулмона яқинидаги кичик черковдан олиб кетилган. Ўғирликдан кейин асарнинг асл кўриниши ўзгартирилиб, қўлдаги қўзичоқ ўрнига қоғоз ўрами чизилган, айрим белгилар ўчирилган.
Ушбу картина 2024 йил октябрь ойида Парма шаҳридаги антиквариат кўргазмасида полиция эътиборини тортди. Махсус СИ тизими ранг, шакл ва композицияни ўғирланган буюмлар базасидаги тасвир билан солиштириб, асл нусхани аниқлашга ёрдам берди. Италия полицияси маълумотига кўра, 2023 йил ноябридан бери ушбу технология 300 дан ортиқ йирик картина ва ҳайкал ҳамда 165 000 дан зиёд кичик маданий ашёни қайтаришга кўмаклашган.
Мутахассислар СИ ўғирланган санъат асарларини излашни тезлаштириши, аммо терговчилар ўрнини боса олмаслигига урғу берган. Тизим фақат ўғирлангани ҳақида маълумот базага киритилган буюмларни аниқлай олади, топилган ашёнинг ҳақиқийлигини эса инсон текшириши зарур. Қайтарилган картина 2025 йил 20 май куни черковга топширилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА