Польша ва Британия уч йиллик мудофаа режасини тасдиқлади
Польша ва Буюк Британия мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган уч йиллик режа тузди. Варшавада икки мамлакат мудофаа вазирлари иштирокида кечган учрашувда замонавий ҳарбий технология, сунъий интеллект, учувчисиз учоқлар ва шундай қурилмаларга қарши тизимларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳамкорлик режаси доирасида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини такомиллаштириш, 155 миллиметрли артиллерия ўқ-дорисини мустақил ишлаб чиқариш йўналишидаги лойиҳалар ва қўшма ҳарбий машғулотга алоҳида эътибор қаратилади. Британия мудофаа вазири Вес Стритинг Россиянинг Польшага қарши гибрид ҳужумини танқид қилиб, мамлакат ҳаво ҳудудига дронлар кириб келишини жиддий таҳдид сифатида баҳолади.
Мулоқот давомида Украинани қўллаб-қувватлаш, АҚШ билан трансатлантик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Европанинг мудофаа салоҳиятини ошириш мавзулари ҳам кўтарилди. Польша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш Европа ўз ҳарбий имкониятини кучайтириши зарурлиги, фақат бу АҚШ билан иттифоқдан воз кечишни англатмаслигига урғу берди.
Мусулмон Зиё, ЎзА