“Шодиёна” – танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Республика “Келажак” маркази ташаббуси билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган Республика “Иқтидор” мактаб ансамбли танловининг Наманган вилояти босқичи ташкил этилди.
Мазкур танлов вилоятдаги 720 та умумтаълим мактабини қамраб олиб, жами 3 минг 935 та жамоа онлайн рўйхатдан ўтди. Шаҳар ва туманларда ташкил этилган саралаш босқичларида жами 31 минг 480 нафар ўқувчи ўз истеъдод ва ижодий қобилиятини намоён этди. Улардан 112 нафари 14 жамоа таркибида вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Таъкидлаш жоиз, “Иқтидор” мактаб ансамбли танлови ёшларни қўшимча таълимга жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда истеъдодини тизимли ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим лойиҳа ҳисобланади.
Вилоят босқичи баҳслари очиқ, шаффоф ва юқори савияда ўтказилди.
Ҳар бир чиқиш саҳна жозибаси, ёқимли куй, ижодий ёндашув ҳамда юксак маҳорат уйғунлиги билан ажралиб турди.
[gallery-29329]
Якуний натижаларга кўра, Наманган шаҳридаги 31-мактабнинг “Шодиёна” жамоаси биринчи, Учқўрғон туманидаги 34-мактабнинг “Иқтидор” жамоаси иккинчи, Чуст туманидаги 3-мактабнинг “Наво” жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўрин соҳиблари танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА