Спорт ва бирдамлик байрами
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилаётган маънавий-маърифий ва оммавий спорт тадбирлари аҳолини соғлом турмуш тарзига чорлаш, ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Сардоба туманидаги Равот ва Бўстон маҳаллаларида кўтаринки руҳда ўтказилди.
“Ягона Ватан — ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ташкил этилган тадбирда маҳалла аҳолиси, ёшлар, нуронийлар, хотин-қизлар, спортсеварлар ҳамда жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этишди.

Тадбир “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остидаги оммавий юриш марафони билан бошланди. Иштирокчилар белгиланган масофани босиб ўтишиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусни қўллаб-қувватлашди.

Шундан сўнг, малакали мураббийлар иштирокида эрталабки бадантарбия машғулотлари ўтказилди. Давомида миллий спорт ўйинлари ва оммавий мусобақалар ташкил қилиниб, иштирокчилар эпчиллик, чаққонлик ва жамоавий ҳамжиҳатлик борасида ўзаро беллашдилар. Ғолиб ва фаол қатнашчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар мамлакатимизда спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидладилар.

— Мустақиллик байрами арафасида ўтказилаётган бундай тадбирлар юртдошларимизни эзгу ғоялар атрофида бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” акцияси ва миллий спорт ўйинлари орқали аҳоли, айниқса ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб этилмоқда. Энг муҳими, бундай тадбирлар маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаб, Ватанга муҳаббат ва миллий ғурур туйғуларини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда, — дейди Сардоба туманидаги “Шарафли йўл” газетаси бош муҳаррири Суюн Намозов.

Таъкидлаш жоиз, Сардоба туманидаги «Равот» ва «Бўстон» маҳаллаларида ўтказилган мазкур спорт байрами мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган тадбирларнинг мантиқий давоми бўлиб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ҳамда “Ягона Ватан — ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилувчи муҳим амалий ташаббуслардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири