«Широқ» тарихий фильмини суратга олиш ишлари якунланди
Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган афсонавий Широқ қаҳрамонлиги экранларда. Ушбу тарихий фильмнинг суратга олиш жараёнлари якунланди.
Кинорежиссёр Музаффархон Эркинов томонидан Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган афсонавий қаҳрамон - Широқ жасоратига бағишланган «Широқ» тарихий фильмини суратга олиш ишлари якунланди. Фильм Кинематография агентлиги буюртмаси асосида суратга олинди.
Айни пайтда фильмнинг тасвирга олиш жараёнларидан бэкстейж лавҳалари тақдим этилди.
Музаффархон Эркинов аввал ҳам «Авлоний», «Абдулла Орипов», «Махтумқули Фироғий» каби қатор тарихий фильмларни суратга олган.
Фильмда Элбек Файзиев, Санан Аллаз (Озарбайжон), Юлдуз Ражабова, Дилором Каримова, Боир Холмирзаев, Анвар Картаев, Маруф Отажонов, Адианес Паласио Мендес (Куба) ва бошқа актёрлар иштирок этган.
«Широқ» тарихий фильми орқали аждодлар жасорати, Ватан озодлиги йўлидаги фидойилик ва юртга садоқат ғояларини кенг ёритиш кўзда тутилган. Фильм ёш авлодни миллий тарих ва аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
ЎзА