Қашқадарёда табиий офатлар хавфини камайтиришга қаратилган тадбир ўтказилди
13 октябрь – Халқаро табиий офатлар хавфини камайтириш куни муносабати билан Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув марказида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Унда иштирокчиларга халқаро сананинг мазмун-моҳияти, табиий хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улардан муҳофазаланиш ҳамда бундай ҳолатларда тўғри ҳаракатланиш қоидалари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, меҳмонлар марказда яратилган шароитлар, мавжуд ўқув базаси ва амалий машғулотлар учун мўлжалланган имкониятлар билан таништирилди.

Тадбирнинг эътиборга молик жиҳати шундаки, иштирокчилар махсус виртуал реаллик кўзойнаклари ёрдамида фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ жараёнларни виртуал муҳитда кузатиш имконига эга бўлди. Бу эса хавфсизлик қоидаларини интерактив тарзда ўрганиш, турли хавфли ҳолатларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.

Бундай тадбирлар аҳолининг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини ошириш, хавфсизлик маданиятини юксалтириш ҳамда табиий офатлар оқибатларини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири