Ширинда жажжи болажонларнинг суннат тўйи ўтказилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Ширин шаҳрида меҳр-оқибат, саховат ва эзгуликни ўзида мужассам этган хайрли тадбир ташкил этилди.
Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан “Фазо” тантаналар уйида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 20 нафар фарзанди учун тантанали суннат тўйи ўтказилди. Ушбу эзгу ташаббусни ташкил этишда Сирдарё ИЭС корхонаси ҳамда саховатпеша ҳомийлар ҳам муносиб ҳисса қўшдилар.
Шодиёнада болажонлар, уларнинг ота-оналари, яқинлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда Ширин шаҳар ҳокими Дилфуза Камбарова иштирок этиб, болажонларни қутлуғ айём билан самимий муборакбод этди.

— Бугунги шодиёна нафақат болажонлар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам унутилмас қувончли кун. Фарзандларимизнинг соғлом ва бахтли улғайиши, сифатли таълим олиши, келажакда юртимизга муносиб инсонлар бўлиб етишиши барчамизнинг эзгу ниятимиздир, — деди шаҳар ҳокими.
Тадбир давомида болажонларга турли совғалар топширилиб, уларнинг қувончига қувонч қўшилди. Саҳнада янграган дилбар куй-қўшиқлар, қувноқ рақслар ва турли кўнгилочар дастурлар болажонлар ва меҳмонларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Айниқса, суннат тўйи эгалари бўлган болажонларнинг шодлиги, уларнинг беғубор табассуми ва қувончи тадбирга ўзгача файз бағишлади. Ота-оналар эса фарзандларининг бахтига шерик бўлиб, бу унутилмас кундан мамнун эканликларини билдирди.

Бундай хайрли тадбирлар жамиятда меҳр-оқибат ва инсонпарварлик муҳитини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, болажонларга байрамона кайфият улашишда муҳим аҳамият касб этади.

Мустақиллик байрами арафасида ўтказилган ушбу шодиёна ҳам эзгулик ва саховатнинг ёрқин ифодаси бўлди. 20 нафар болажоннинг қувончига қувонч қўшган бу кун уларнинг хотирасида узоқ йиллар давомида илиқ хотира бўлиб сақланиши шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири