Болажонларга меҳр ва эътибор улашилди (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Гулистон шаҳридаги Вилоят болалар тиббий реабилитация марказида хайр-саховат тадбири ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Рақамли соғлиқни сақлаш маркази ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбир тиббий реабилитацияга муҳтож болажонларга қувонч улашиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва энг муҳими, ҳар бир бола давлат ва жамият эътиборида эканини яна бир бор намоён этишга қаратилди.
Тадбирда марказда даволанаётган болажонлар, уларнинг ота-оналари ҳамда соҳа ходимлари иштирок этишди. Болалар учун турли кўнгилочар дастурлар, расм чизиш, ижодий машғулотлар, шахмат ва шашка мусобақалари ташкил этилди. Қувончли лаҳзаларга бой бўлган тадбирда иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди. Энг муҳими, бирор бир бола эътибордан четда қолмади.
Тадбир давомида болажонларнинг юзидаги табассум, кўзларидаги қувонч ҳар қандай мукофотдан ҳам қимматли эканини ҳис қилиш мумкин эди. Чунки соғлиқни тиклаш йўлида даволанаётган бола учун тиббий муолажалар билан бир қаторда меҳр, эътибор ва руҳий қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
— Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Рақамли соғлиқни сақлаш маркази масъул ходимлари Сирдарё вилояти болалар тиббий реабилитация марказида ташкил этилган тадбирда иштирок этишиб, болажонларга меҳр ва эътибор улашишди. Болаларнинг кўзларидаги қувончни кўриб турибмиз. Улар ўзларига бўлган ғамхўрликни ҳис қилиб, давлат ва жамият эътиборида эканини яна бир бор англамоқда. Бу каби тадбирлар болаларнинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади, уларнинг ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлайди, — деди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Эрмат Ашурбоев.
[gallery-30948]
Муассасада болаларни қабул қилиш ва даволаш жараёнлари рақамли тизим орқали ташкил этилган. Гулистон ва Янгиер шаҳарлари, шунингдек, туманлардаги поликлиникалардан болалар йўлланма асосида марказга юборилади.
— Марказимизда рақамлаштириш тизими яхши йўлга қўйилган. Болалар поликлиникалардан йўлланма асосида қабул қилиниб, навбат билан зарур тиббий хизматлар кўрсатилади. Бу эса ҳам шифокорлар, ҳам ота-оналар учун қулайлик яратади, — дейди марказ катта ҳамшираси Нодира Отабоева.
Марказда реабилитациянинг турли замонавий усуллари қўлланилмоқда.Ўтган йили ногиронлиги бўлган ҳамда сурункали касалликларга чалинган 18 ёшгача бўлган минг нафардан зиёд болага тиббий реабилитация хизмати кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 800 нафардан ошди. Беморларни қабул қилиш, уларнинг даволаниш жараёнини назорат қилиш ва тиббий маълумотларни юритиш ишлари замонавий электрон тизимлар орқали амалга оширилмоқда.
— Физиотерапия бўлимида юқори ва паст частотали токлар, электрофорез, парафин билан даволаш каби муолажалар ҳам амалга оширилмоқда. Ота-оналар фарзандларидаги ижобий ўзгаришларни кўриб, миннатдорлик билдиришмоқда. Айримлари болаларини яна марказимизга олиб келиб, даволанишни давом эттиришни хоҳлашмоқда., — дейди Нодира Отабоева.
Тадбир давомида сўз олган Эрмат Ашурбоев мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:
— Бугунги кунда 38 миллиондан ортиқ аҳоли ягона «ДЕМЕД» экотизимига жамланган. Мазкур платформа беморнинг тиббий муассасага мурожаат қилиши, ташхис қўйилиши, даволаниши ва кузатув жараёнларини тўлиқ қамраб олади. Сирдарё вилоятида бу тизим самарали йўлга қўйилгани билан алоҳида ажралиб турибди. Биз ҳар бир поликлиника ва шифохонада рақамлаштиришнинг амалий натижаларини кўряпмиз. Айни пайтда аҳоли ҳам рақамли хизматлардан фаол фойдаланмоқда. Фуқаролар мобил иловалар орқали шифокор қабулига ёзилишмоқда, ўз ташхислари ва даволаниш жараёнларини кузатиб боришмоқда. Шу билан бирга, соҳада фаолият юритаётган IT ҳамширалар ва IT операторларнинг меҳнати ҳам юқори баҳоланмоқда.
— Рақамлаштириш жараёнида шифокорлар, ҳамширалар, IT ҳамширалар ва IT операторларнинг ҳиссаси беқиёс. Улар томонидан амалга оширилаётган ишлар натижасида аҳолига қулай ва шаффоф тиббий хизмат кўрсатиш тизими шаклланмоқда. Бу меҳнат давлатимиз раҳбари томонидан ҳам муносиб эътироф этилмоқда, — деди Эрмат Ашурбоев.
Мустақиллик байрами арафасида ўтказилган бу хайр-саховат тадбири тиббий реабилитация олаётган болажонлар учун унутилмас кунга айланди. Уларга улашилган меҳр, самимий сўзлар ва қувончли лаҳзалар байрамнинг ҳақиқий мазмунини — инсон қадрини улуғлаш, меҳр-оқибат ва ғамхўрликни яна бир бор намоён этди. Зеро, бола қалбида пайдо бўлган табассум — ҳар қандай эзгу ишнинг энг юксак баҳосидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/s1X3aotuKMo" title="Bolajonlarga mehr va e’tibor ulashildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат-видео), ЎзА