Шахсга доир маълумотлар алмашинувига оид битим ратификация қилинмоқда
Парламент қуйи палатаси мажлисида “Шахсга доир маълумотлар алмашинуви соҳасидаги маъмурий масалалар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Битимни (2020 йил 18 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
— Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият, хусусан, МДҲ иштирокчи давлатлари билан сиёсий, иқтисодий, маданий ва хавфсизликка оид ҳамкорлик алоқалари муваффаққиятли тарзда ривожланмоқда, — деди депутат Х.Ҳайитов. — Ушбу қонун лойиҳасида Шахсга доир маълумотларни алмашишда Маъмурий масалалар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Битимни (2020 йил 18 декабрь) ратификация қилиш назарда тутилмоқда.
Битимга мувофиқ, ҳар бир томон бошқа томоннинг сўровига кўра миллий қонунчилик ва ушбу Битим қоидаларига кўра шахсга доир маълумотлар алмашинуви соҳасидаги маъмурий масалалар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатади. Яъни, МДҲ давлатларидан бирортаси МДҲнинг бошқа давлатидаги ўз фуқароси ҳақида маълумот олиши мумкин.

Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўровнинг предмети —фуқароликнинг мавжудлиги, томонлар ҳудудларида доимий (вақтинчалик) бўлиш (яшаш) ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар мавжудлиги, шахсларнинг миграция рўйхатига олиниши ёки яшаш бўйича ҳисобга олинганлиги, шахс номидаги рўйхатга олинган кўчмас мулк ва мулкий хусусиятдаги мажбуриятлари, шахснинг жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилганлиги тўғрисида, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга оид шахсга доир маълумотлар ҳисобланади. Сўровлар сўралаётган томоннинг миллий қонунчилиги ва мазкур Битим қоидаларига мувофиқ амалга оширилади, — деди Хушвақт Ҳайитов.
Мажлисда таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида МДҲ иштирокчи давлатлари ўртасида фуқароларнинг шахсга доир маълумотлари алмашинуви соҳасидаги маъмурий механизмлар белгиланади. Фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мулкий ҳамда номулкий ҳуқуқларининг ишончли муҳофазаси учун имкониятлар яратилади.
Қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА