БҲМнинг 1000 бараваридан кам бўлган низосиз ишлар нотариуслар томонидан кўрилади
Парламент қуйи палатаси мажлисида низосиз ишларни ҳал этиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси низосиз ишларни кўришни осонлаштиришга қаратилган. Лойиҳа билан Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларидаги суд буйруғи тартибида кўриладиган айрим низосиз талабларга оид ишларнинг доираси қайта кўриб чиқилмоқда.
Таъкидланганидек, энди ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш билан боғлиқ талабларнинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваридан кўп бўлган тақдирда суд томонидан буйруқ тартибида кўриб чиқилади.

Базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваридан кам бўлган низосиз талабларга доир ишлар эса нотариуслар томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Бу, ўз навбатида, судларнинг иш юкламасини камайтириши таъкидланди.
Моддама-модда муҳокамаларда қонун лойиҳасидаги нормалар суд тизими самарадорлигини ошириш, низосиз талабларни ҳал этиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда нотариал хизматлар қамрови ва сифатини оширишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
М.Комилова,
ЎзА