Шахмат турнирида кимлар ғолиб чиқди?
Халқаро шахмат қоидалари асосида тўққиз турдан иборат швейцарча тизим асосида ўтказилган мусобақада Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларидан келган юзга яқин истеъдод соҳиблари “ақл жанги”да интеллектуал салоҳиятини намоён қилди.
Айни ёз фаслида ёшларнинг таътил даврини мароқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида Наманган вилояти ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан бир қатор кўнгилли тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Ана шулар жумласидан бўлган “Наманган ёзи – 2026” классик шахмат турнири Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази” шахмат клубида юқори савияда ташкил этилди.

Вилоят спорт бошқармаси, вилоят шахмат федерацияси ҳамкорлигида уюштирилган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, барча рақибларини ортда қолдирган Янгиқўрғон тумани вакили Хушнудбек Ҳайдаралиев ғолибликни қўлга киритди. Аёллар иштирокидаги баҳсларда эса, Косонсой туманидан келган Фотима Олимжоновага тенг келадиган рақиб топилгани йўқ.
Бундан ташқари, турнир доирасида 8, 10 ва 12 ёшгача бўлган ўғил ва қизлар ўртасида ҳам алоҳида ёш тоифалари бўйича беллашувлар ташкил этилиб, унда ҳар бир ёш тоифасида энг яхши натижани кўрсатган иштирокчилар шоҳсупага кўтарилди.

Тантанали тақдирлаш маросимида барча ғолиб-совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва пул мукофотлари тақдим қилинди.
Бу каби мусобақалар ёш шахматчиларнинг ақлий салоҳиятини ривожлантириш, йигит-қизларнинг маҳоратини ошириш ҳамда шахмат спорт турини кенг оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири