Ўзбекистон – Россия: спорт соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов ва Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Ерхов ўртасида ўтказилган учрашувда мамлакатимизда жорий этилган "Жисмоний тайёргарлик даражаси" спорт синовларини элчихона ходимлари ўртасида ҳам татбиқ этиш ташаббуси илгари сурилди.
Учрашувда Ўзбекистонда профессионал спорт билан бир қаторда оммавий спорт ҳаракати, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини ривожлантириш, замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига юқори баҳо берилди.
Икки мамлакат ўртасида турли соҳаларда ўрнатилган мустаҳкам алоқалар натижасида юқори натижаларга эришилаётгани, хусусан жисмоний тарбия ва спорт, спорт таълими, мутахассислар алмашинуви, қўшма машғулотлар каби йўналишлардаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани эътироф этилди.
Томонлар икки давлат ўртасида бир қатор спорт турларини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш фаолияти йўлга қўйилганини таъкидлаб, бу борадаги ишларни жадаллаштириш борасидаги таклифлар илгари сурилди.
Т. Рўзиев, ЎзА