Шахмат олимпиадаси: Кучли жамоалар рўйхати эълон қилинди
Жорий йилнинг 15-27 сентябрь кунлари Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ҳамда 3-Пара шахмат олимпиадаси мусобақалари, шунингдек мусобақалар доирасида Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) Конгресс йиғилиши, “FIDE Excellence Awards” тадбирлари ташкил этилади.
Шу кунларда 400 та миллий эркаклар ва аёллар жамоалари қатнашадиган мазкур нуфузли мусобақага мамлакатимизда катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Куни кеча Халқаро шахмат федерацияси 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида иштирок этадиган кучли жамоалар рўйхатини эълон қилди.
Унга кўра, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминовдан иборат Ўзбекистон-1 эркаклар терма жамоаси 2720 ўртача рейтинг очкоси билан кучли учликда қайд этилди.

Ўз навбатида, «жаҳон терма жамоаси» номи билан танилган АҚШ жамоаси 2751 очко билан биринчи, 2733 очкога эга Ҳиндистон жамоаси эса иккинчи ўринни эгаллаган.
Шунингдек, шахмат олимпиадасида иштирок этадиган аёллар жамоалари рейтингида Ҳиндистон, Хитой ва Грузия терма жамоалари кучли учликдан жой олган. Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Гулдона Каримова ва Нилуфархон Имомқўзиевадан иборат Ўзбекистон-1 аёллар жамоаси эса 192 та жамоа орасида 13-ўринни эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, шахмат олимпиадаси дастурига мувофиқ, мусобақанинг тантанали очилиш маросими 15 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтади. Шундан сўнг, 16-27 сентябрь кунлари мусобақанинг 11 та классик босқич мусобақалари ўтказилади.
Т. Рўзиев, ЎзА