Шарофиддин Назаров: “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларини танлаш мезонларини ишлаб чиқиш зарур
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида дастлаб депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти якунлари ҳамда "Ташаббусли бюджет" доирасида яратилган янги имкониятлар таҳлил қилинди.
Маълумки, янги тартибга кўра, 2026 йилдан бошлаб ҳар бир депутат ўз сайлов округида аҳоли учун долзарб бўлган, аммо аввал ғолиб бўлмаган иккита лойиҳани танлаб, “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали уларни молиялаштириш имкониятига эга бўлмоқда. Бу амалиёт жойлардаги ижтимоий муаммоларни манзилли ҳал этиш, аҳоли ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
Фракция етакчиси Улуғбек Иноятовнинг таъкидлашича, Президентнинг "Ташаббусли бюджет" жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ўз электорати билан ҳамкорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу парламент фаолиятида янги ва самарали босқични бошлаб берди.

— Сайлов округларидаги муаммоларни ҳал этишда "Ташаббусли бюджет" жараёнлари муҳим механизм бўлиб хизмат қилмоқда, — деди йиғилишда сўз олган фракция аъзоси Фирдавс Шарипов. — Масалан, биз кўриб чиққан 24 та лойиҳанинг асосий қисми таълим, соғлиқни сақлаш ва инфратузилмани яхшилашга қаратилган. Айниқса, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, йўл ва ирригация соҳалари аҳоли учун энг долзарб йўналишлар бўлиб қолмоқда. Янги тартиб эса етарли овоз тўплай олмаган, аммо аҳамиятли лойиҳаларни амалга ошириш имконини бермоқда. Бу жараён нафақат муаммоларни ҳал этиш, балки депутат ва сайловчи ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Фракция аъзоси Қизилгул Қосимова ушбу ташаббус муаммоларни ечишда депутатлар учун калит бўлганини қайд этди:
— "Ташаббусли бюджет" доирасида депутатлар иштироки учун яратилган янги тартиб жойлардаги муаммони ўрганиш ва таҳлил қилиш билан чегараланмасдан уларни ҳал этиш имконини беради. Бу биз учун калит бўлди. Қувонарлиси, ҳудудларда ғолиб бўлмаган лойиҳаларни ўрганишимиз давомида аҳоли вакиллари жуда фаоллик кўрсатишди. Аҳоли орқали биз билмаган муаммоларнинг ичига кириб бордик. Лойиҳаларни танлашда маҳалла раислари ва фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда энг зарури, ижтимоий жиҳатдан энг муҳимини танлашга эътибор қаратдик. Бу амалий ишлардан аҳоли билан бирга биз депутатларнинг ҳам кайфиятимиз кўтарилди.

Йиғилишда мазкур механизмни такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам илгари сурилди. Хусусан, фракция аъзоси Шарофиддин Назаров лойиҳаларни танлаш мезонларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш ҳамда маҳаллий Кенгашлар фаоллиги ва масъулиятини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Шундан сўнг йиғилишда “Реклама тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Якунда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА