1 апрелдан нақдсиз тўлов, эскроу, ипотека ва жарима бали кучга киради
Маълумки, Президентимизнинг 2025 йил 10 декабрдаги "Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони қабул қилинган эди.
Фармонга асосан, 1 апрелдан мамлакатимизда тўловлар, ипотека, йўл ҳаракати, тиббиёт, шунингдек ҳарбийлар ва ёшларга оид қатор янги тартиб ва имтиёзлар кучга киради. Янги ўзгаришлар аҳолига қулайлик яратиш, молиявий шаффофликни ошириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган.
1 апрелдан бошлаб қатор тўловларни нақдсиз шаклда амалга ошириш тартиби жорий этилади. Жумладан, давлат органлари хизматлари учун тўловлар, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви бўйича ҳисоб-китоблар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун тўловлар, автоёқилғи қуйиш шохобчаларидаги тўловлар, 25 млн. сўмдан юқори товар ва хизматлар учун ҳисоб-китоблар, шунингдек кўчмас мулк ҳамда ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган автотранспорт воситаларини харид қилиш бўйича тўловлар асосан нақдсиз тарзда амалга оширилади.
Бу тартиб йирик молиявий операцияларда шаффофликни таъминлаш ва нақд пул айланмасини қисқартиришга хизмат қилади.
Кўчмас мулк ва автотранспорт олди-сотдисида эскроу ҳисобварағи орқали ҳисоб-китоб қилиш тартиби жорий этилади. Энди харидор пулни тўғридан-тўғри сотувчига бермайди. Маблағ аввал банкда махсус эскроу ҳисобварағига жойлаштирилади. Нотариус эса шартномани расмийлаштиришдан олдин пулнинг ҳақиқатан киритилганини электрон тарзда текширади.
Шу билан бирга, эскроу хизмати бўйича комиссия миқдори чекланди. Кўчмас мулк битимлари учун комиссия базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан, автотранспорт воситалари учун эса 25 фоизидан ошмайди. Мазкур чекловлар давлат улуши мавжуд тижорат банклари учун амал қилади. Шунингдек, кўчмас мулк ва автотранспорт олди-сотдисидаги эскроу орқали ҳисоб-китоблар фақат миллий валюта — сўмда амалга оширилади.
1 апрелдан бюджет маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари расмий даромадга эга фуқароларга ажратилади. Бунда фуқаронинг ижтимоий солиқ тўлаб келгани инобатга олинади. Шунингдек, ипотека кредитларининг энг юқори миқдори белгиланди. Тошкент шаҳрида 480 млн. сўмгача, ҳудудларда эса 380 млн. сўмгача ипотека кредитлари ажратилади.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали аниқланган ҳолатлар бўйича ҳам жарима баллари ҳисоблана бошлайди. Энди камера ва радарлар орқали қайд этилган қоидабузарликлар нафақат жарима, балки балл тизимига ҳам таъсир кўрсатади.
Давлат тиббиёт муассасаларида беш кунлик иш ҳафтаси жорий этилади. Бу шифохона ва поликлиникалар иш фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган. 1 апрелдан Мудофаа вазирлиги офицерлари учун кўп йиллик хизмат устамаси икки баробарга оширилади. Контракт асосида хизмат қилаётган аскар ва сержантлар ойлик маоши 10 фоизга кўпайтирилади. Шунингдек, Қуролли Кучларда 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик миқдор 75 фоиздан 100 фоизга етказилади.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларга ҳарбий қисмда туриб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини топшириш имконияти яратилади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган ёшлар хизматни тугатгач, таълимни давом эттириши мумкин.
Армиядан қайтган ёшларга хорижий тил ва фан сертификатлари харажатлари қоплаб берилади. Шунингдек, контракт асосида таълим олувчилар учун фоизсиз таълим кредити ажратилади. Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларнинг кредит фоизининг 6 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.
Президент топшириғига кўра, 1 апрелдан “Келажак тадбиркори” дастури ҳам ишга туширилади. Ушбу дастур доирасида ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизли кредитлар ажратилади.
Мазкур ўзгаришлар аҳолига қулайлик яратиш, иқтисодий фаолликни ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА