Шаҳрисабзнинг бой ҳунармандчилик анъаналари намойиш этилмоқда
Республика "Ҳунарманд" уюшмаси томонидан Шаҳрисабз шаҳрида «Ироқи» халқаро каштачилик фестивали ўтказилади. Мазкур тадбир доирасида «Ироқи каштачилик», «Ипак кашта жилоси» фестиваллари ҳамда Республика кўрик-танлови ташкил этилиши белгиланган. Пойтахтимизда ушбу фестивалларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда фестивалнинг мақсад ва вазифалари, миллий каштачилик санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзбек миллий каштачилик анъаналарини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш масалалари ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилганидек, халқаро фестиваль доирасида миллий каштачилик намуналари кўргазмалари, маҳорат дарслари, илмий-амалий анжуманлар, ижодий учрашувлар ва турли тадбирлар ташкил этилади.

Халқаро ва маҳаллий ҳунармандлар, дизайнерлар, экспертлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида Шаҳрисабзнинг бой ҳунармандчилик анъаналари яна бир бор намоён бўлади. Миллий ҳунармандчилигимизнинг бетакрор намуналари ва Шаҳрисабзнинг тарихий-маданий мероси кенг тарғиб этилади.
Г.Бобоева,
ЎзА