Сенатор “Халқ дипломати” кўкрак нишони билан тақдирланди
Халқ дипломатиясини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов “Халқ дипломати” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мазкур мукофот турли мамлакатлар халқлари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ҳамда халқ дипломатиясини ривожлантириш йўлида фаол иштирок этаётган шахсларни рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган.
“Халқ дипломати” кўкрак нишонини топшириш маросими Шанхай ҳамкорлик ташкилоти таъсис этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан ўтказилди.

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар миллий координаторлари, дипломатик корпус вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ҳамда жамоатчилик намояндалари иштирок этди.
Н.Абдураимова, ЎзА