Чорвачилик тармоғини 2026-2028 йилларда ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, чорвачилик тармоғида замонавий ва самарали услублар жорий этилади, инвестиция лойиҳалари барча босқичларда қўллаб-қувватланади ва комплекс хизматлар кўрсатиш тизими йўлга қўйилади. Тармоқ корхоналарига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади, озуқа базаси кўпайтирилиб, наслчилик яхшиланади. Жумладан, сунъий уруғлантириш янада ривожлантирилади.
Қарорда чорвачилик тармоғини 2026-2028 йилларда ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Улар қуйидагилардан иборат:
– қорамоллар бош сонини 16,5 миллионтага, қўй ва эчкилар бош сонини 30 миллионтага, паррандалар бош сонини 141 миллионтага етказиш;
– чорвачилик (гўшт ва сут) маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлаш даражасини 50 фоизга олиб чиқиш;
– наслдор қорамоллар улушини 90 фоизга етказиш орқали чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш;
– қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида озуқабоп экинлар майдонларини 1,5 бараварга кўпайтириш.
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги чорвачилик тармоғини ривожлантириш, яйловлардан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича стратегик режалаштириш, мувофиқлаштириш, ҳудудлар кесимида йўналишларни белгилаш ва чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришда бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, методологик таъминлаш ҳамда мониторинг қилишга масъул этиб белгиланди.
Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Чорвачилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
Қарор билан:
– Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташкилий тузилмаси ҳамда фаолиятининг устувор йўналишлари;
– Чорвачилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини шакллантириш манбалари тасдиқланди.
Мазкур қарорга мувофиқ чорвачиликка ихтисослаштирилган туманлар доирасида:
– қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида озуқабоп экинлар экишга устуворлик берилади;
– 2027 йил ҳосилидан бошлаб ер ижара шартномасига асосан қишлоқ хўжалиги ташкилотларидаги пахта ва бошоқли дон жойлаштирилиши назарда тутилган ер майдонларининг 50 фоизига озуқабоп экинларни жойлаштиришга рухсат этилади, қолган ер майдонларида пахта ва бошоқли дон етиштирилади;
– Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта ва ғаллани етиштиришни молиялаштириш учун белгиланган маблағлар миқдори камайтирилмаган ҳолда озуқабоп экинлар етиштиришни молиялаштиришга ҳам йўналтирилади.
Пахтачилик, ғаллачилик ва (ёки) чорвачиликка ихтисослашган хўжаликларга ижарага берилган, жами майдони 10 гектардан кам бўлмаган ва яхлит контур майдони 2 гектардан кўп бўлган суғориладиган ерларнинг 20 сотихдан кўп бўлмаган қисмидан рухсат этилган фойдаланиш турини ички хўжалик ер тузиш лойиҳасига асосан чорва моллари ва чорва учун озуқани сақлаш ва кўпайтириш турига ўзгартиришга рухсат берилади. Бунда:
а) "Ўздаверлойиҳа" ДИЛИ томонидан ишлаб чиқилиб, туман ҳокими томонидан тасдиқланадиган ички хўжалик ер тузиш лойиҳаси ушбу ер участкасида капитал қурилиш объекти ҳисобланган чорва моллари ва чорва учун озуқани сақлаш ва кўпайтиришга ихтисослашган бино ва иншоотларни қуриш учун қурилишга рухсат беришга доир ҳужжатларни олиш учун мурожаат қилиш ҳуқуқини беради;
б) ички хўжалик ер тузиш лойиҳаси тасдиқлангандан кейин бир ой давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари мазкур ер участкасининг тегишли қисмини суғориладиган ерлар тоифасидан чиқариш бўйича Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссиясига таклиф киритади, ушбу ерлар кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан суғориладиган ерлар тоифасидан чиқарилади;
в) рухсат этилган фойдаланиш тури ўзгартириладиган ер участкасига қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича тўловлар ўн йил давомида ҳар йили тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўланади;
г) ички хўжалик ер тузиш лойиҳасини тасдиқлаш билан бир пайтда ер участкаси ижараси шартномасига қўшимча киритилади, унда ер участкасидан оқилона фойдаланиш шартларидан бири сифатида бир сотих ер майдонида камида шартли 3 бош қорамолни мунтазам равишда сақлаш ва парваришлаш мажбурияти қатъий белгиланади;
д) чорвачилик объектидан ер участкаси ижара шартномасининг амал қилиш муддатида фойдаланилади, ушбу муддат тугаганда ва ер участкаси ҳокимлик захирасига қайтарилганда ёки чорвачилик объектидан белгиланган мақсадда фойдаланилмаганда чорвачилик объекти улар эгаси томонидан бузиб ташланади ва бунинг учун компенсация тўловлари тўланмайди;
ж) ер участкаси ижара шартномаси бекор қилинганда ер участкасида чорвачилик объекти мавжудлиги шартнома муддатини узайтиришга асос ҳисобланмайди.
ЎзА