Сенатда прокуратура ва одил судлов билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг прокуратура органларининг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, прокуратура органлари томонидан ҳисобот йилида ижтимоий соҳадаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, Бош прокуратурага бириктирилган 7 лойиҳа доирасида 2025 йил давомида 4,5 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режаси амалда 5,3 миллиард долларга ёки 117 фоизга бажарилган.
Яширин иқтисодиётга барҳам бериш ва бизнесни соядан чиқаришга қаратилган тадбирлар доирасида “Raqamli bozor” ва “Parking Management System” дастурлари асосида рақамлаштириш ишлари йўлга қўйилиб, ҳисобот йилининг ўзида доимий фаолият юритаётган 157 деҳқон бозори ҳамда 151 автотураргоҳ фаолияти тўлиқ рақамлаштирилган.
Прокурорларнинг судлардаги иштироки, коррупцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чоралар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш, тергов ва тезкор-қидирув фаолияти бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Сенаторлар томонидан прокуратура органларининг амалга оширган ижобий ишлари билан бир қаторда, фаолиятнинг айрим йўналишларида назоратни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Қонун билан Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларга, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларига низосиз талаблар бўйича суд буйруғини чиқариш доирасини қисқартириш, нотариат фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш ва нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган тўловларни мақбуллаштириш, шунингдек, қонуний кучга кирган суд ҳужжати устидан шикоят қилинганда унинг ижросини юқори инстанция судида тўхтатиб туриш механизмини такомиллаштиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

“Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги қонунда “судьялар ҳамжамияти органлари” атамаси амалдаги ҳужжатларда қўлланиб келинаётган бўлса-да, уларнинг яхлит ҳуқуқий мақомини, вазифа ва функцияларини ҳамда бошқа идоралар билан ҳамкорлик қилиш механизмларини белгиловчи алоҳида қонун ҳужжати мавжуд бўлмаган.
Янги қонун билан соҳадаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида судьялар ҳамжамияти органларининг турлари, ҳуқуқий мақоми, уларни ташкил этиш тартиби, вазифа ва функциялари, шунингдек судьяларнинг олий малака ва малака ҳайъатларини шакллантириш, малака даражаларини бериш ҳамда интизомий жавобгарликка оид ишларни кўриб чиқишнинг аниқ механизмлари белгиланмоқда. Суд тизимида эса судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойиллари кенг жорий этилиб, уларнинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва муддатидан илгари тугатиш жараёнлари шаффофлаштирилмоқда.
Қонуннинг амалга оширилиши суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашга, судьяларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади. Бу эса одил судлов сифатини ошириш билан бирга, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилайди.
Сенаторлар, маҳаллий кенгашлар доимий комиссиялари раислари, экспертлар гуруҳи аъзолари, қонун ташаббускорлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари иштирок этган тадбир якунида қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА