“Иссиқлик электр станциялари” АЖ: очиқлик, шаффофлик ва масъулият
Юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат бошқарувида ҳисобдорлик тамойилларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хўш, “Иссиқлик электр станциялари” АЖда бу йўналишда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Мазкур савол билан “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқарма бошлиғи Феруза Турғуновага юзландик:
– Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар асосида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва ташкилий механизмлари такомиллаштирилмоқда.
Бу борадаги ислоҳотлар доирасида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимида ҳам коррупциявий омилларнинг олдини олиш, комплаенс назорат тизимини ривожлантириш ва корпоратив бошқарув тамойилларини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, жорий йилда комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид 19 та ички норматив ҳужжат қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди ҳамда янги таҳрирда амалиётга жорий этилди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш мақсадида ташкилотимизнинг 28 нафар масъул ходими “Коррупцияга қарши курашиш тизимлари”, 45 нафар ходими эса “Мувофиқлик комплаенс менежменти тизими” йўналишлари бўйича махсус ўқув курсларида иштирок этиб, тегишли сертификатларга эга бўлди.
Бундан ташқари, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ марказий аппарати ва барча филиаллари “CERT International” сертификатлаштириш органи томонидан ўтказилган аудитдан муваффақиятли ўтиб, ISO стандартлари бўйича мувофиқлик сертификатларини қўлга киритди.
Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс тизимларини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш, ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда ички назорат механизмларини кучайтириш жамият фаолиятида очиқлик ва самарадорликни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, тизим корхоналарида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, ходимлар билан очиқ мулоқот ўрнатиш ва мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида қатор амалий тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, 4 та очиқ ва сайёр қабул, 23 та ўқув семинар ва тренинглар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари иштирокида профилактик тадбирлар ўтказилди.
Амалга оширилаётган ушбу ишлар “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимида коррупциянинг олдини олиш, очиқ ва шаффоф иш муҳитини шакллантириш ҳамда жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.