Сенат: фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, оқибатларини камайтиришга оид ишлар самарадорлигини ошириш зарур
Сенат ялпи мажлисида мамлакатимизда табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов кейинги йилларда аҳоли ва ҳудудларни табиий офатлар ҳамда техноген авариялардан муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Хусусан, соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизими янги босқичга олиб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, амалга оширилган таҳлиллар соҳада қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатди. Жумладан, фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш тизимини тўлиқ йўлга қўйиш, идоралараро интеграцияни таъминлаш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш масалалари долзарблигича қолмоқда.
2025 йил давомида мамлакатимизда 82 фавқулодда вазият юз бериб, улар оқибатида инсонлар ҳалок бўлган ва жароҳатланган. Шунингдек, ёнғинлар ва газ-ҳаво аралашмалари чақнаши билан боғлиқ ҳолатлар сони ҳам ошгани ташвиш уйғотмоқда.

Сенаторлар ўз чиқишларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг барвақт аниқлаш ва оқибатларини камайтириш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.
Муҳокама якунида Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига мамлакатимизда табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА