Алишер Қодиров: “Тадбиркорларга фото ва видеорадарларни ўрнатиш ҳуқуқи берилгани ўзини оқламади"
Бугунги кунда автомобиль йўлларидаги йўл чизиқларини чизиш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштириш, фото ва видео қайд этиш техника воситаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги самарадорлиги ва натижадорлиги қандай бўляпти?
Сунъий йўл нотекисликларини ўрнатишда белгиланган меъёр ва стандартларга риоя этиляптими? Йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ва эркин ҳаракатига тўсқинлик қилувчи ноқонуний сунъий тўсиқлар ҳамда бошқа турдаги қурилмаларни ўрнатиш ҳолатлари бўйича қандай қонунбузилишлар аниқланган?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан шу каби масалаларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ички ишлар вазирига парламент сўрови юборилган эди. Бугунги мажлисда ушбу сўровга келган жавоб кўриб чиқилди
— Вазирлик маълумотига кўра, 2022-2025 йилда ўзида йўл чизиқларини чизиш, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш учун 978,3 млрд. сўм маблағ йўналтирилган, — деди депутат Дилбар Мамажонова. — Ушбу давр мобайнида 78 минг 844 та янги йўл белгилари ўрнатилиб, 49 минг 380 та йўл белгилари янгисига алмаштирилган. 1 минг 81 та светофор объекти янгидан қурилган. Шунингдек, 20 млн. 728 минг кв.м йўл ётиқ чизиқлари чизилган.
Ҳозирги кунда республикамиз бўйича 5 минг 425 та фото ва видео қайд этиш техника воситалари ўрнатилган. Бунда йўл-транспорт ҳодисалари кунлик, ҳафталик, ойлик, чораклик, йиллик горизонтал ва вертикал шаклдаги таҳлиллар асосида, шунингдек, ҳаракат интенсивлиги, йўл инфратузилмаси ҳолати, пиёдалар ва транспорт оқими юқори бўлган ҳудудлар ўрганилган ҳолда, аҳоли мурожаатлари ҳамда мутасадди ташкилотларнинг хулосалари каби омиллар инобатга олинган. Натижада жорий йилнинг тўрт ойида йўл-транспорт ҳодисалари 17,7 фоизга камайишига эришилган.
Йўллар ва кўчаларга ўзбошимчалик билан асоссиз ўрнатилган йўл белгилари ҳамда сунъий нотекисликларни аниқлаш бўйича ўтказилган хатлов натижалари бўйича 132 та ҳаракатни чекловчи йўл белгилари ҳамда 202 та тўхташ ва тўхтаб туриш ҳақидаги йўл белгилари ҳам олиб ташланган. Йўлларда ноқонуний ўрнатилган жами 203 та турли тўсиқлар ҳамда 308 та сунъий нотекисликлар бартараф этилган.

Муҳокамаларда ЎзМТДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров фото ва видеорадарларни ўрнатишда тадбиркорлар билан ҳамкорлик масаласига эътибор қаратди:
— Фото ва видеорадарларни ўрнатишдан асосий мақсад даромад топиш эмас, балки йўл ҳаракатини тартибга солиш бўлиши керак. Вазирга парламент сўровини юборган вақтимизда фото ва видеорадарларни ўрнатишда тадбиркорлар билан ҳамкорлик қай даражада ўзини оқлаяпти, деган масалани қўйган эдик. Аммо Ички ишлар вазирлигининг жавобида тадбиркорлар билан ҳамкорлик натижасида “фалон” миқдордаги маблағ бюджетга ундириляпти, деган ёндашув мавжуд. Аслида бу ишга бундай ёндашмаслик керак, деб ўйлаймиз. Асосий мақсад пул ундириш эмас, йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, тартибни сақлаш бўлиши керак. Тадбиркорларга фото ва видеорадарларни ўрнатиш ҳуқуқи берилгани, бизнингча, ўзини оқламади. Бунинг орқасидан жуда кўплаб ҳайдовчилар эътироз билдиряпти. Йўлда тезликни текшириш, радарларни ўрнатиш масаласи Ички ишлар вазирлиги ваколатида бўлиши керак, — деди Алишер Қодиров.
Муҳокамаларда ўртага ташланган шу каби саволлар ҳамда сайловчилар билан учрашувлар давомида кўтарилган масалалар бўйича алоҳида қўмита эшитуви ташкил этилиши айтиб ўтилди. Вазир жавоби бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА