Сенат: болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди
Ўзбекистон бўйлаб 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан кенг кўламли тадбирлар ўтказилди. Бу сана Сенатда ҳам нишонланди. Сенаторлар Болалар ҳаракати сардорлари билан учрашув ўтказди.
Қайд этилганидек, мамлакат тараққиёти, аввало, баркамол, билимли ва ватанпарвар авлодни тарбиялаш билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг овозини эшитиш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларида иштирокини кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Учрашув давомида мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Кейинги йилларда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланиб, уларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва тарбия сифатини ошириш ҳамда ёш авлоднинг иқтидори ва истеъдодини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мулоқот жараёнида Болалар ҳаракати сардорлари ва Ёшлар парламенти аъзолари ўз чиқишларида тенгдошларини қизиқтираётган долзарб масалалар, ёшлар ташаббуслари ҳамда болаларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини янада кенгайтиришга оид таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Учрашув мобайнида иштирокчилар Сенат фаолияти, парламент иш жараёнлари ҳақида ҳам батафсил маълумот олди.
Н.Абдураимова, ЎзА