Эътибор ва ишонч ижодга қанот беради
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз санъат ва маданият аҳли билан ўтказган учрашувида иштирок этдим.
Очиғини айтсам, бу шунчаки навбатдаги йиғилиш ёки расмий мулоқот эмас эди. Бу давлат раҳбарининг ижодкор инсонга, унинг дардига, ташвишига, орзу ва мақсадларига бўлган муносабатини яна бир бор яққол намоён этган самимий учрашув бўлди.
Биз кўпинча катта натижаларни кўрамиз, аммо уларнинг ортида қандай меҳнат турганини ҳар доим ҳам ҳис қилавермаймиз. Бугун Президентимизга қараб ўтириб, бир фикр хаёлимдан ўтди: давлат бошқариш, мамлакат тараққиёти учун кечаю кундуз меҳнат қилиш, ташқи ва ички сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, ижтимоий соҳалар билан бир вақтнинг ўзида шуғулланишнинг ўзи қанчалик машаққатли вазифа.
Очиғини айтсам, учрашув жараёни мени беихтиёр ҳар кунги ижод, иш ва турмуш ташвишларини бир лаҳза четга суриб, атрофимизда кечаётган ўзгаришларга яна бир бор қалбан ва идрокан назар ташлашга ундади.
Ростдан ҳам, бир лаҳза тўхтаб ўйлаб кўрайлик…
Қиёфаси кун сайин янгиланаётган шаҳар ва қишлоқларимизга… Инсонларнинг тобора фаровонлашиб бораётган турмуш тарзига… Сон-саноқсиз меҳмонхоналар, замонавий масканлар, юртимизга қизиқиб келаётган хорижлик сайёҳларга… Спортдан тортиб илм-фан, маданият ва иқтисодиётгача бўлган соҳалардаги ютуқларимизга… Чет эл матбуоти, сиёсатчилари ва халқаро экспертларнинг Ўзбекистон ҳақида билдирган ижобий фикрларига…Юртимизга келиб, бу ердаги ўзгаришлардан ҳайратини яшира олмаётган саййёҳлардан тортиб давлат раҳбарларигача …
Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Лекин бир ҳақиқатни ҳам тан олиш керак: бу ютуқларнинг замирида юрти ва халқи тақдири учун тинимсиз меҳнат қилаётган, ўз ҳаловатидан кечаётган БИР ИНСОНнинг улкан иродаси ва масъулияти турганини англаяпмизми?
Биласизми, ижод ва меҳнат фаолиятим давомида бир ҳақиқатни англаганман: хоҳ адабиёт бўлсин, хоҳ кино, хоҳ бошқа соҳа — буюк асарлар ва буюк шахслар, кўп жиҳатдан, давлатнинг биринчи раҳбари дунёқараши ва руҳияти билан боғлиқ бўлади.
Бу ҳақиқатни “Абдулла Орипов” фильмини ишлаш жараёнида янада чуқурроқ англадим. Нега айнан 1960 йилларда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев каби улкан ижодкорлар бир даврнинг ўзида етишиб чиқди? Нега айнан ўша йилларда “Ўзбекистон — Ватаним маним” каби халқ руҳини уйғотган асарлар яратилди?
Менимча, бунга сабаб — Сталин репрессияларидан кейин бошланган маълум маънодаги эркин нафас, “Хрушчёв илиқлиги” даври ва, албатта, Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон раҳбари сифатида миллат маънавиятига берган эътибори бўлган.
Бу жараён нафақат адабиётда, балки кинода ҳам яққол намоён бўлди. Россияда Андрей Тарковский кинога янги нафас олиб кирган бўлса, бизда Шуҳрат Аббосов, Али Ҳамроев, Элёр Ишмуҳаммедов каби буюк кино ижодкорлари майдонга чиқди.
Одамларга гапириш, раҳбарларни танқид қилиш осон. Салбий фикр тез оммалашади. Баъзан ўзимиз ҳам яхши нарсани кўришдан кўра, камчилик излашга мойилмиз.
Аммо ҳақиқат шуки — 365 кун, ўн икки ой давомида халқининг дарди, юртининг эртаси билан яшаб, унинг фаровонлиги учун тинимсиз меҳнат қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди.
Бугунги тезкор замонда баъзан ёши улуғ инсонлар эмас, ҳатто ёшлар ҳам тез чарчаб қолаётганини тан олишимиз керак. Аммо Президентимиз фаолиятига назар ташласак, биз унда чарчоқни эмас, аксинча, улкан масъулият ва тинимсиз ҳаракатни кўрамиз.
Бугунги учрашув ҳам эрталабдан бошланиб кечгача давом этди. Президентимиз сўзлашни истаган деярли ҳар бир ижодкорни диққат билан тингладилар. Учрашувда нафақат соҳадаги ютуқлар ҳақида, балки йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар, оғриқли масалалар ҳақида ҳам очиқ гапирилди. Санъат ва маданият ходимлари ўз таклифларини айтдилар, кўмак сўрадилар, баъзан танқидий фикрларини ҳам билдирдилар.
Мени энг таъсирлантирган жиҳатлардан бири шу бўлдики, Президентимиз ҳар бир фикрни сабр билан эшитдилар, ҳар бир масалага алоҳида муносабат билдирдилар.
Учрашув яна анча давом этиши мумкин эди. Аммо Президентимиз ўзларининг чарчаганликлари учун эмас, балки йиғилишда қатнашган ёши улуғ санъат ва маданият фахрийларини ўйлаб, уларнинг узоқ вақт ўтириб қолганликлари ва хориганликларини инобатга олиб мулоқотни якунладилар. Бу ҳам инсонга бўлган эътиборнинг яна бир кўриниши бўлди.
Мен ҳам учрашувда сўзга чиқдим. Ростини айтсам, саҳнада, камералар қаршисида йиллар давомида бемалол гапириб келган инсон сифатида буни тан олишим керак: Президентимиз қаршисида ҳаяжонланиб кетдим. Ҳатто нима деганимни ҳам кейин яхши эслай олмадим.
Буюк инсон қаршисида ҳар қандай одамни салобат босади.
Лекин Президентимиз ҳаяжонимни ҳис қилдилар, шекилли. Менинг гапимни бўлмадилар. Аксинча, миллий кино ривожи учун давлат томонидан янада кенг имкониятлар яратилишини таъкидладилар.
Яна бир жиҳат мени ҳайратга солди. Президентимиз учрашувда қатнашган ижодкорларнинг аксариятини исмларигача билишлари, уларга исмлари билан мурожаат қилишлари давлат раҳбарининг соҳага қанчалик чуқур кириб борганини кўрсатди.
Сўнгги ўн йилликда айнан Президентимиз ташаббуслари ва эътиборлари туфайли ўзбек киносида катта ўзгаришлар амалга оширилди. Янги фильмлар яратилди, халқаро фестивалларда иштирок этиш имкониятлари кенгайди, миллий кинонинг нуфузи ошиб борди.
Бироқ ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам кўп.
Бугунги учрашувнинг аҳамияти шундаки, унда муаммоларнинг фақат ташқи кўриниши эмас, балки уларнинг илдиз сабаблари муҳокама қилинди. Кино соҳасида ижодий эркинликни таъминлаш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, замонавий ва шаффоф тизим яратиш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди.
Хусусан, миллий фильмларни халқаро бозорларга олиб чиқиш мақсадида глобал кино платформалари билан ҳамкорлик кучайтирилиши, "Ўзбекфильм"га миллий мақом берилиши, давлат буюртмаси асосида яратиладиган фильмларда реклама ва тарғибот харажатлари учун бюджетнинг 30 фоизигача маблағ ажратилиши, кинофильмлар ишлаб чиқувчилари барча солиқлардан озод этилиши,миллий кенгаш ва бадиий кенгашлар тугатилиши ҳақидаги қарорлар кино соҳаси вакиллари томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди.
Чунки яхши фильмнинг тақдири фақат уни суратга олиш билан ҳал бўлмайди. Уни томошабинга етказиш ҳам санъатнинг бир қисми. Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, кучли тарғибот фильм муваффақиятининг камида ярмини таъминлайди.
Шунингдек, давлат буюртмаси асосида яратилган фильмлар намойишидан тушган маблағнинг бир қисми ижодий жамоаларни рағбатлантиришга йўналтирилиши ҳақидаги қарор ҳам соҳа учун муҳим янгилик бўлди.
Президентимиз учрашув аввалида жуда муҳим фикрни айтдилар: «Давлатни иқтисод кўтаради, қонун бошқаради, армия ҳимоя қилади. Лекин қайси мамлакат адабиёт ва маданиятга эътибор берса, келажаги мустаҳкам бўлади».
Бу сўзлар ҳар бир ижодкор учун нафақат эътироф, балки катта масъулият ҳамдир.
Бугунги учрашувдан кейин бир нарсага яна бир бор ишонч ҳосил қилдим: мамлакатимизда санъат ва маданият соҳасига қаратилаётган эътибор тасодифий эмас. Бу узоқни кўзлаб амалга оширилаётган давлат сиёсати.
Бугунги мулоқотдан сўнг кино, театр, мусиқа ва умуман маданият соҳасида янги давр бошланишига, ўзбек миллий санъати ва киноси янада юксак чўққиларни забт этишига ишончим янада мустаҳкамланди.
Биз, ижодкорлар, бу ишончга муносиб бўлишимиз, халқимиз ва Ватанимиз учун хизмат қиладиган, миллий ғуруримизни юксалтирувчи асарлар яратишимиз керак.
Мен юқорида ёзганимдек, ҳар қандай буюк асар, ҳар қандай ижодий юксалиш ортида давлат раҳбарининг маънавият ва маданиятга бўлган муносабати туради. Тарих ҳам бу ҳақиқатни кўп марта исботлаган.
Зеро, давлат томонидан берилган эътибор ва ишонч ижодга қанот беради.
Раҳмат сизга, менинг Президентим!
Бундан уч йил оллин ёзган фикримни такрорлайман. “Муболағасиз ғурур туйдим”
Музаффар Эркинов, кинорежиссёр