Сайёр қабулда фуқароларнинг кадастрга оид муаммолари ҳал этилди
Давлат кадастрлари палатаси раиси в.в.б. Беҳзоджон Каримов бошчилигида Давлат кадастрлари палатаси марказий аппаратининг масъул ходимлари иштирокида Тошкент шаҳрида аҳолининг соҳага оид мурожаатларини ўрганиш ва фуқароларни қийнаётган масалаларга ечим топиш мақсадида сайёр қабул бўлиб ўтди.
Дастлаб фуқароларга кадастр соҳасидаги қонунчиликка киритилган янгиликлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда аҳоли учун яратилаётган қулайликлар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Фуқароларни қийнаётган муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш, мурожаатларни ортиқча оворагарчиликсиз кўриб чиқиш ва қонуний ечим топиш мақсадида ташкил этилган сайёр қабул давомида ер участкалари ва кўчмас мулкка оид масалалар, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, кадастр маълумотларини шакллантириш ва янгилаш,давлат кадастр хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ масалалар, тадбиркорлик фаолиятига оид кадастр масалалари ҳамда кадастр соҳасидаги мурожаат, таклиф ва муаммолар муҳокама қилинди.

Мурожаатларнинг ҳар бири индивидуал тартибда кўриб чиқилиб, масалаларнинг ҳуқуқий ечими юзасидан зарур тушунтиришлар берилди. Айрим мурожаатларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилган бўлса, қўшимча ўрганишни талаб қиладиган масалалар бўйича тегишли тартибда иш олиб бориш, аниқланган муаммоларга қонунчилик доирасида ечим топиш ҳамда мурожаатларнинг ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Гулноза Бобоева,ЎзА