Пахта йиғим-теримида болалар ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги бўйича Миллий мониторинг бошланади
Пойтахтимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “2026 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароитлар яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан Миллий мониторинг ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида” мавзусида брифинг ўтказилди.
Брифингда марказий студиядан оммавий ахборот воситалари вакиллари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ва масъул ходимлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, онлайн тарзда ҳудудий студиялардан касаба уюшмалари масъул ходимлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармалари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Брифингда таъкидланганидек, сўнгги ўн йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Барча соҳа ва йўналишларда, айниқса, ижтимоий меҳнат соҳасида инсон қадрини улуғлаш, меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Ижтимоий меҳнат муносабатлари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари халқимизнинг, меҳнаткашларнинг ҳамда халқаро экспертларнинг таклиф ва хулосалари асосида такомиллаштириб борилмоқда.
Қонунчиликдаги ўзгаришларнинг эътиборли жиҳатларидан бири — мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун жавобгарликнинг янада кучайтирилганидир. Мажбурий меҳнат ёки болалар меҳнатига жалб этиш ҳолати учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Ҳолатдан келиб чиқиб, бундай қилмишлар учун жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган.
Миллий қонунчилик ҳужжатларини халқаро стандартларга мослаштириш бўйича ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Бу борада Халқаро меҳнат ташкилоти ва халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси билан ҳамкорликни алоҳида таъкидлаш зарур.[photobank-31502]
Ўзбекистон меҳнат соҳасида халқаро стандартларни кенг жорий этиш борасидаги ишларни изчил давом эттирмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг 25 та конвенцияси ратификация қилинган. Эътиборли жиҳати шундаки, мамлакат мустақиллигининг дастлабки 25 йилида 13 та конвенция ратификация қилинган бўлса, сўнгги 10 йилнинг ўзида 12 та конвенция ва 1 та протокол ратификация қилинди. Ҳозирда ҳам бир қатор конвенцияларни ратификация қилиш масалалари ўрганилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам юқорида қайд этилган йўналишларда бир неча йиллардан буён фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун муносиб шароитлар яратилиши, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги юзасидан Миллий мониторинг ўтказиб келинмоқда.
Ўтган йилда ҳам пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича мониторинг ишлари, шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қонунчилигига амал қилиниши ҳолатлари юзасидан ўрганишлар олиб борилди.
Хусусан, 2025 йилда ўтказилган Миллий мониторинг давомида пахта йиғим-теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари учрамаган. Бироқ терим пулларининг ўз вақтида берилмаслиги юзасидан 8 752 нафар теримчининг манфаатларига дахлдор 166 та ҳолат, 9 075 нафар теримчи билан меҳнат шартномаси тузилмаганлиги юзасидан 227 та ҳолат аниқланган. Шунингдек, 24 та фермер хўжалиги ва ишлаб чиқариш кластери томонидан 1 222 нафар теримчи учун етарли меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилмагани маълум бўлган.
2026 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шароитлар яратилиши, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги юзасидан Миллий мониторинг Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига аъзо бўлган фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида ўтказилади.
Миллий мониторинг 25 сентябрдан 31 октябрга қадар давом этади.
[gallery-31502]
Мониторингни ўтказишдан асосий мақсад — пахта йиғим-терими ишларида вояга етмаганлар, ўқувчи ва талабалар, бюджет ва нобюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдир.
Шунингдек, пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун етарли яшаш, дам олиш ва меҳнат шароитлари яратилганини баҳолаш, қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун адолатли меҳнат ҳақи тўланишини назорат қилиш, пахта-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлари ва фуқаролар ўртасида мавсумий ишларни бажариш тўғрисида меҳнат шартномалари тузилганини ўрганиш ҳам мониторингнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чораларини кўриш, шунингдек, мониторинг натижалари юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссияга ахборот бериб бориш ҳам назарда тутилган.
Шу билан бирга, Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси томонидан тайёрланган “2026 йил пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан, уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишга кўмаклашишни ташкил этиш бўйича тавсиялар”га риоя этилиши ҳам мониторинг жараёнида ўрганилади.
Мониторингни ташкил этиш мақсадида Федерация томонидан ҳудудий мониторинг гуруҳлари тузилди. Уларнинг таркибига тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг масъул ходимлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари меҳнат техник инспекторлари, шунингдек, келишилган ҳолда Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг ҳудудлардаги аъзо ташкилотлари вакиллари киритилди.
Мониторинг самарадорлигини ошириш ҳамда мониторинг гуруҳлари аъзолари учун қулай меҳнат шароитларини яратиш мақсадида ишчи гуруҳ таркибидаги касаба уюшмаси ходимлари махсус кийим-бош ва пойабзал, ҳудудий гуруҳлар раҳбарлари эса планшетлар билан таъминланди.
Миллий мониторингни сифатли ўтказиш учун унинг услубиёти мавжуд вазиятдан келиб чиқиб такомиллаштириб борилмоқда. Услубиёт иловаларида “Мониторинг гуруҳларининг жойларда ҳаракатланиш кетма-кетлиги”, “Мониторингда интервью олиш саволномаси”, “Пахта йиғим-терими иштирокчилари учун яратилган шарт-шароитларни баҳолаш бўйича саволнома” ҳамда ахборот бериш шакллари берилган.
Брифинг давомида мониторинг гуруҳларининг жойларда ҳаракатланиш жараёни, мониторингни ташкил этиш тартиби ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан кенг ва атрофлича маълумот берилди.
Н.Усмонова, О.Пардаев (суратлар), ЎзА