Санкцияга қарамай, Шимолий Корея Россияга ҳарбий ёрдамдан тахминан 22 миллиард доллар даромад олди
“Bloomberg” нашри ёзишича, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ихтиёрида 15 йиллик ҳокимият давридаги энг кўп нақд пул бор.
Агентлик ҳукумат савдо ҳисоботи ва разведка маълумоти таҳлили, шунингдек асосий даромад манбалари бўйича ташқи тадқиқот натижасида қуйидаги хулосага келган:
– Шимолий Корея 2022-2025 йиллар оралиғида тахминан 22 миллиард доллар миқдорида хорижий даромад олган.
Таъкидланишича, бу пулнинг деярли ҳаммаси Украина билан уруш бошлангандан бери Россияга қурол сотиш ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш орқали олинган.
– КХДР ва РФ ҳарбий ҳамкорлиги шунчаки дипломатия ёки хавфсизлик масаласи эмас, – дейди Жанубий Корея мухолиф депутати Даэ Си. – Мазкур жараён Шимолий Корея иқтисодиётини қўллаб-қувватлайдиган асосий даромад манбаига айланди.
Украина разведкаси ҳисоботига кўра, 2025 йил охирига келиб Пхеньян Москванинг тез-тез ишлатиладиган 122 ва 152 миллиметрли ўқ-дорига эҳтиёжининг 50 фоизгача қисмини таъминлаган. Бундан ташқари бошқа бир тадқиқот маркази таҳлилида Россия КХДРга 16 000-22 000 қўшинини жойлаштириш эвазига ҳар бир аскар учун тахминан 2000 доллар бергани, ҳалок бўлган ҳар бир аскар учун эса қўшимча тўлов ажратилгани келтирилган.
Хуллас, мутахассислар таъкидлашича, фойда Шимолий Кореяга ядровий захираси ва иқтисодиётини мустаҳкамлашга ёрдам берган. Айни усул билан эса АҚШ ва Жанубий Корея босимини камайтириш мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА