АзерТАЖ: Ўзбекистон ва Озарбайжон – иттифоқчиликдан интеграция сари
АзерТАЖ ахборот агентлиги Тошкентда нашр этиладиган “Ватан” ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий журналида чоп этилган “Ўзбекистон ва Озарбайжон: иттифоқчилик муносабатларидан интеграция сари” сарлавҳали мақолани кўчириб босди.
Қайд этилишича, икки қардош давлат муносабати стратегик шерикликдан иттифоқчилик даражасига кўтарилиб, сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. Ҳамкорлик энди нафақат ўзаро алоқа, балки Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги интеграция жараёнининг муҳим таянчи сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
2025 йил савдо айланмаси 795,2 миллион долларга етган. Бу 2016 йилга нисбатан 37,5 баробар, 2024 йилга нисбатан эса 3,1 баробар кўп. Томонлар 2030 йилга қадар ўзаро савдо қийматини 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.
Мақолада Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашуви форматига тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилиши икки минтақа учун умумий макон шакллантириш йўлидаги муҳим қадам экани таъкидланган.
Мақола ЎзА ва “АзерТАЖ” ахборот агентликлари ҳамкорлиги доирасида тайёрланди.
Д.Ҳакимов, ЎзА